Тошкентда ФВБ ходими 1500 доллар пора билан қўлга тушди (видео)
3-саҳифа
−
17:47 1702 1 дақиқа
Тошкент шаҳрида Фавқулодда вазиятлар бўлими кичик инспектори 1500 доллар пора олаётганда қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, коррупцияга қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Янгиҳаёт тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими кичик инспектори ўз хизмат мавқеини суиистеъмол қилиб, маҳаллий МЧЖ раҳбаридан 1500 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Аниқланишича, ФВБ ходими ҳамкасблари орқали МЧЖ томонидан мазкур туманда фаолият юритувчи корхона ҳудудига ўрнатилган ёнғин хавфсизлиги жиҳозларини қабул қилиш бўйича баённома расмийлаштириб бериш эвазига пул талаб қилган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси (Пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилоятида Кадастр агентлиги бўлими бош инспектори пора билан қўлга тушган эди.
Live
Барчаси