Трампнинг ашаддий тарафдори омма олдида отиб ўлдирилди
Таҳлил
−
11 Сентябрь 4323 4 дақиқа
Turning Point USA нотижорат ташкилоти раҳбари, консерватив фаол ва Трампнинг энг машҳур тарафдорларидан бири Чарли Кирк 10 сентябрь куни Ютадаги университетда отиб кетилди. У юзлаб талабалар қаршисида нутқ сўзлаётган эди. Қотил Киркнинг бўйнини нишонга олди. Воқеадан сўнг, 31 ёшли Кирк бўйнидан яраланиб, оғир аҳволда шифохонага ётқизилди, аммо унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. Ҳодиса акс этган видеотасвирлар интернетни портлатди. Жараён катта тезликда ижтимоий тармоқларда вирус каби тарқалди. Унинг атрофидаги муҳокамалар ҳали ҳам авжида.
АҚШ жамоатчилиги фаоли ва ёшлар орасида катта тасирга эга бўлган Чарли Киркнинг ўлимига шахсан Президент Трампнинг ўзи муносабат билдирди. У ўзига тегишли ижтимоий тармоқдаги саҳифасида марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди. Кирк Трампнинг норасмий шахслар ичидаги энг машҳур тарафдори эди.
“Улуғ ва ҳатто афсонавий Чарли Кирк орамиздан кетди. Ҳеч ким АҚШ ёшларини у каби тушунмаган ва уларга ёрдам бермаган. Уни ҳамма севарди ва ҳурмат қиларди, айниқса мен. Энди у йўқ. Мен ва Мелания унинг рафиқаси Эрика ва оиласига самимий таъзия билдирамиз. Чарли, биз сени яхши кўрамиз”, дея ёзган АҚШ Президенти Дональд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида.
Трамп, шунингдек, мамлакат бўйлаб байроқларни 14 сентябрь куни кечгача тушириб қўйишга буйруқ берди. Юта губернатори Спенсер Кокс жиноятчилар жазосиз қолмаслигини айтган. АҚШ сиёсатчилари, жумладан, собиқ президент Жо Байден ҳам марҳумнинг яқинларига таъзия изҳор қилиб, бундай зўравонликка АҚШда ўрин йўқлигини билдирди.
Кирк ким эди?
31 ёшли Чарли Кирк АҚШдаги энг машҳур консерватив фаоллардан бири эди. У 2012 йилда, 18 ёшида, бизнесмен Билл Монтгомери билан бирга Turning Point USA ташкилотига асос солган. Бу нодавлат тузилма талабалар орасида эркин бозор, чекланган ҳукумат ва “анъанавий қадриятлар”ни тарғиб қилиб келарди. Бугунги кунда Turning Point USA'нинг 850 дан ортиқ университетларда бўлимлари мавжуд. Кирк бошчилигидаги бу тузилма АҚШ олий таълимига ва ёшлар онгига чуқур кириб боргани айтилади.
Чарли Кирк мамлакат бўйлаб юзлаб университетларда очиқ дебатлар ўтказар, турли подкастлар ва ижтимоий тармоқларда фаол эди. Ўз ўрнида, у Трампнинг ҳокимият тепасига қайтишида ҳам ҳал қилувчи роллардан бирини ўйнаган. Кирк Дональд Трампнинг сайлов кампаниясида ёшларни сафарбар қилишда асосий фигура бўлган. Унинг хизматлари, айниқса, Аризонада яққол кўзга ташланган. У мазкур ҳудудда минглаб янги сайловчиларни рўйхатдан ўтказишга кўмаклашган. Бу эса Трампнинг ушбу штатдаги ғалабасига катта ҳисса қўшган.
Бундан ташқари, Чарли Кирк Трампнинг инаугурациясига таклиф қилинган ва доимий равишда Оқ уй тадбирларида иштирок этган. Трамп уни ёшлар орасидаги машҳурлиги учун ўз сиёсий фаолиятида муҳим шахс сифатида кўрган.

Марҳумнинг аёли ва икки фарзанди бор бўлиб, айни дамда унинг оилавий тушган суратлари барча ижтимоий тармоқларда кенг тарқалмоқда.
Қотил ҳали ҳам топилмади
Киркнинг қотили ҳали ҳам топилгани йўқ. Даставвал, 10 сентябрь куни унинг ўлдирилиши ортидан бир гумонланувчи қўлга олинганди. Аммо кейинроқ АҚШ Федерал қидирув бюроси раҳбари Каш Пател ушбу шахс сўроқ қилингач, қўйиб юборилганини маълум қилди.
Пателга кўра, мазкур қотиллик бўйича тергов давом этмоқда ва жараён шаффофлик билан ёритиб борилади. Шу билан бирга, Юта штати Жамоат хавфсизлиги комиссари Бо Мейсон қотил ҳануз озодликда эканини айтиб, у ҳақида маълумотлар фақатгина кузатув камераларидан олинганини қўшимча қилган. Мейсоннинг сўзларига кўра, гумонланувчи қора кийимда бўлган ва узоқ масофадан, эҳтимол, томдан ўқ узган бўлиши мумкин.
Юта штати губернатори Спенсер Кокс ҳам сўроқ қилинган шахс ҳақида маълумот берган. Дастлаб университет ҳудудида ёши катта эркак қўлга олингани ҳақида хабар тарқалган эди, бироқ кейин у гумонланувчи эмас, балки махсус хизматларга тўсқинлик қилгани учун ушлангани маълум бўлди. Ҳозирча Киркнинг ўлими ҳақида фақат шулар очиқланган. Қотилни қидириш эса давом этмоқда.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь