Туркияда сайёҳ оиланинг фожиавий ўлимига нима сабаб бўлгани айтилди
Олам
−
28 Ноябрь 23030 4 дақиқа
Истамбул прокуратураси кеча, 27 ноябрь куни маълум қилишича, Гамбургдан келган ва Истамбулда саёҳат давомида вафот этган оиланинг ўлимига меҳмонхонада зараркунанда ҳашаротларга қарши қўлланган инсектициддан заҳарланиш сабаб бўлган.
Илгари тахмин қилинганидек, озиқ-овқатдан заҳарланиш версияси тасдиқланмади. Шунингдек, оиланинг жароҳат оқибатида вафот этгани белгилари ҳам аниқланмади.
Тергов доирасида қўлга олинган олти киши ҳали ҳам ҳибсхонада сақланмоқда. Улар орасида меҳмонхона эгаси ва зараркунандага қарши кураш компанияси раҳбари бор. Қолган тўрт гумонланувчи озод қилинган. Ваҳоланки, аввалроқ оила овқат харид қилган кўча сотувчилари ҳам вақтинча ушланган эди.
Истамбул прокуратураси қайси модда қўлланганини очиқламади. Бироқ ОАВ, суд-тиббий экспертиза ҳисоботларига таяниб, меҳмонхонада фосфин гази аниқланганини маълум қилди. “Anadolu” давлат ахборот агентлигининг ёзишича, фосфин меҳмонхона хоналаридан олинган намуна ва сочиқларда ҳам топилган.
Алюминий фосфиди зараркунандаларга қарши курашда кўп қўлланади. У сув ёки баланд намлик билан реакцияга киришганда, ўта заҳарли фосфин газини ажратади. Бу газ сут эмизувчи жониворлар организми ҳужайраларини шикастлайди ва юқори концентрацияда қонда кислород ташилишини бузади. Фосфинни нафас орқали қабул қилиш йўтал, қусиш, жигар ва буйрак фаолиятининг издан чиқишига олиб келиши мумкин ва ўлимга ҳам сабаб бўлади.
Гамбургдан келган отаси, онаси ва икки кичик боласи бўлган оила ноябрь ойи ўрталарида Истамбулда дам олиш чоғида кўнгил айниши ва қусиш аломатлари билан шифохонага ётқизилган эди. Орадан кўп ўтмай, барчаси вафот этди. Туркиялик илдизларга эга бу оиланинг фожиали ўлими Туркияда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Туркияда германиялик оила фожиаси
Жорий йилнинг 9 ноябрь куни Германиянинг Гамбург шаҳридан Истанбулга саёҳат учун келган оила – Сарват Бўжек (ота, 36 ёш), Чиғдам Бўжек (она, 27 ёш), Муҳаммад Бўжек (ўғил, 6 ёш) ва Масал Бўжек (қиз, 3 ёш) Фотиҳ туманидаги “Harbour Suites Old City” меҳмонхонасига жойлашган. 10 ва 11 ноябрь кунлари улар Ўртакўй сайёҳлик марказида мидия, пита нони, тантуни, кокореч ва турк локумлари каби маҳаллий кўча таомларини истеъмол қилган. 12 ноябрь куни улар эрта тонгда кўнгил айниши ва қусишни бошдан кечирган. Оила аъзолари шифохонага мурожаат қилган ва уларга дастлабки тиббий ёрдам кўрсатилган. Шундан сўнг, улар яна меҳмонхонага қайтиб келган.
13 ноябрь куни соат 3:00 атрофида оила яна тез ёрдам машинасида шифохонага олиб кетилган. Кўрсатилган муолажаларга қарамай, болалар вафот этган. 14 ноябрь куни уларнинг онаси ҳам ҳаётдан кўз юмган. Сарват Бўжек эса 17 ноябрь куни оламдан кўз юмган.
Оила жойлашган меҳмонхонада 11 ноябрь куни зараркунандалар ва ҳашаротларга қарши дори пуркаш ишлари олиб борилган. Воқеа жойини текшириш гуруҳидан оғзаки олинган маълумотларга кўра, оила жойлашган 201-хона кимёвий воситалар пуркалган 101-хонанинг тепасида жойлашган ва ҳаво алмашиш тизими бўлмаган. Худди шу меҳмонхонада тунаган яна икки чет эл фуқароси 15 ноябрь куни шунга ўхшаш шикоятлар билан шифохонага ётқизилган.
Шунингдек, меҳмонхона дезинфекцияси пайтида ишлатилган кимёвий моддалар ва идишлар, она Чиғдам Бўжекнинг, ота Сарват Бўжекнинг шифохонада олинган биринчи қон намунаси ва ошқозон таркиби, икки чет эл фуқаросининг шифохонада олинган биринчи қон намуналари ва оила жойлашган 201-хонадаги чойшаблар Истанбул Бош прокуратураси томонидан текшириш учун Суд-тиббиёт институтига юборилган.
Ҳисоботда болаларнинг танасида ўлимга олиб келиши мумкин бўлган жароҳат аломатлари аниқланмагани қайд этилган. Экспертизада ошқозон деворида доғли қон кетиш ва қизаришдан ташқари ҳеч қандай муҳим топилмалар кузатилмаган.
Ҳолат ортидан Истанбул Бош прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилди. Тергов доирасида тўрт киши, жумладан, мидия дўкони, турк локумлари дўкони ва оила овқатланган рестораннинг эгаси ҳибсга олинди, ресторан муҳрланди. Истанбул шаҳар полицияси эса яқин атрофдаги пиширилган картошка (кумпир) дўконларида текширувлар ўтказди. Меҳмонхона хонаси, ресторан ва кўча таомлари сотувчиларидан таҳлиллар олинган ва хавфсизлик камераси тасвирлари кўздан кечирилган.
Live
Барчаси