USAID’нинг тонналаб озиқ-овқат ёрдами омборларда қолиб кетди
Олам
−
04 Август 4170 3 дақиқа
АҚШ Давлат департаменти муаммони ҳал қилишга ваъда берганига қарамай, Америка гуманитар ёрдами захиралари катта миқдорда омборларда қолиб кетган. Ҳозирда АҚШ ва дунё бўйлаб омборларда 60 минг тоннадан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари йиғилиб қолган, айримлари эса аллақачон яроқсиз ҳолга келган. Бу ҳақда “The Washington Post” хабар берди.
АҚШнинг Жоржия штатидаги Mana Nutrition омборида юзлаб қутиларга қадоқланган озиқ-овқат ёрдами ойлар давомида сақланиб, Судан каби очарчиликка дучор ҳудудларга етказилишидан олдин яроқлилик муддати ўтиб кетган. Айнан шу омборда қиймати 50 миллион долларга тенг ерёнғоқли пастадан иборат захира ойлар давомида жўнатилмай қолиб кетган.
Маълумот учун, Mana Nutrition бутун дунё бўйлаб болалар ўртасида тўйиб овқатланмасликка қарши курашишда қўлланиладиган даволовчи озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаради. Компания ҳар ой Жоржия фермерларидан 900 минг килограммдан ортиқ ерёнғоқларни харид қилиб, Фитзжералд шаҳридаги заводда ҳар куни 227 минг килограммгача маҳсулот ишлаб чиқаради. Бу йилига 10 миллион болани озиқлантириш имконини беради.
“Бу улкан ортиқча захира. Барчаси шартнома асосида ишлаб чиқарилган, харид қилинган ва тўланган. Фақат ҳеч ким олиб кетмаяпти. Оқибатда Mana ёрдам маҳсулотларининг бир қисмини йўқ қилишга қарор қилган”, дейди компания операцион директори Дэвид Тодд Ҳармон.
Ушбу вазият USAID (АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги)нинг тугатилиши билан боғлиқ. Дональд Трамп маъмурияти томонидан танқид остига олинган агентлик жорий йилнинг 1 июль куни ёпилганди. Оқибатда ёрдам дастурларининг 80 фоиздан ортиғи бекор қилинди ва деярли барча ходимлар ишдан бўшатилди.
“Reuters”нинг жорий йилнинг май ойидаги хабарига кўра, 3,5 миллион кишини бир ой давомида озиқлантиришга етадиган озиқ-овқат захиралари дунё бўйлаб омборларда чириб қолмоқда. Улардан баъзиларининг яроқлилик муддати июлда тугаган ва ёқиб юборилган ёки ҳайвонларга ем сифатида ишлатилмоқда.
USAID бошқарувидаги омборларда Америка фермерлари ва ишлаб чиқарувчиларидан олинган 60-66 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотлари сақланмоқда. Жибути, Жанубий Африка, Дубай ва Хюстондаги омборларда қиймати 98 миллион доллардан ортиқ маҳсулот – юқори калорияли печенье, ўсимлик ёғи ва бойитилган дон маҳсулотлари бор. Бу захиралар уч ой давомида 1 миллиондан ортиқ одамни ёки Ғазо секторининг бутун аҳолисини 1,5 ой давомида озиқлантиришга етади.
“The Atlantic” нашри хабарига кўра, Трамп маъмурияти Афғонистон ва Покистондаги болалар учун мўлжалланган 500 тонна юқори калорияли печеньени ёқиб юборишга қарор қилган. Бу печенье 1,5 миллион болани бир ҳафта давомида озиқлантиришга етарди. Жо Байден президентлик даврининг охирларида USAID томонидан бу маҳсулотлар учун 800 минг доллар сарфланган. У Дубайдаги омборда сақланган ва бу йил БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастурига топширилиши керак эди.
“Бу маҳсулотлар америкалик солиқ тўловчиларнинг пуллари эвазига одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун харид қилинган, омборларда чириши ёки ёқилиши учун эмас”, дейди Сенатнинг ташқи алоқалар бўйича қўмитаси аъзоси, демократ сенатор Жинн Шейхин.
Live
Барчаси