Ўзбекистонда 5 давлат иштирокидаги йирик ҳарбий машғулот бошланди
Жамият
−
16 Октябрь 6341 1 дақиқа
Ўзбекистондаги энг катта полигон – Марказий ҳарбий округга қарашли “Каттақўрғон” дала-ўқув майдонида Марказий Осиё давлатларининг мудофаа вазирликлари иштирокида йирик ҳарбий ўқув машғулоти бошланди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 14 октябрь куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг ҳарбий ҳамкорлик доирасидаги энг катта ўқув машғулотларидан бири – “Бирлик – 2025”нинг очилиш маросими бўлиб ўтган. Машғулотда қатнашиш учун Қозоғистон, Тожикистон, Қирғиз Республикаси ва Озарбайжондан иштирокчилар келган.
Қайд этилишича, ушбу ҳарбий машғулотдан кўзланган асосий мақсад мамлакатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш, жаҳонда тобора кучайиб бораётган геосиёсий кескинлик ва инқирозли ҳолатлар, юзага келаётган янги хавф-хатар ва таҳдидлар шароитида замонавий чақириқларга самарали қарши туришда яқин шерикчилик алоқаларини янада мустаҳкамлашдир.
Машғулот давомида иштирокчилар ҳозирги замон жанговар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, жанг қилишнинг энг самарали усулларини қўллаш, узоқ масофадаги нишонларни йўқ қила оладиган артиллерия, учувчисиз учиш аппаратлари, зирҳли техника ва бошқа қуроллардан фойдаланиб, ўқув-жанговар вазифани биргаликда бажариши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8-10 июль кунлари Озарбайжон ва Қозоғистон “Тарлан-2025” қўшма парвоз-тактик машғулотларини ўтказган эди.
Бунёд Келдибоев
Live
Барчаси