Ядровий таранглик. Қуроллар синови урушни тезлатадими?
Таҳлил
−
03 Ноябрь 4247 7 дақиқа
Сўнгги кунларда жаҳон етакчиларининг бутун дунёни тош даврига қайтариб қўйиши мумкин бўлган “ўйинчоқ”ларини бирин-кетин синовдан ўтказишни бошлагани ҳақида янгиликлар тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Дунё худдики охир замон урушига тайёрланаётгандек қуролланиш пойгасини бошлаганга ўхшайди.
Бир томонда Россия ўзининг ядро қуролларини синовдан ўтказиб, қудратини кўз-кўз қилса, яна бир томонда АҚШ ўз арсеналининг қай даражада бой эканлиги билан мақтаняпти, дунёнинг яна бир бошқа бурчагида эса Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин “мен ҳам шу ердаман”, дегандек, ўзининг “сирли қурол”лари билан дунё ҳамжамияти эътиборини ўзига қаратмоқчи бўлади.
Шу ўринда бир савол пайдо бўлади – ядровий уруш аслида қанчалик яқин?
Ўйинда кимлар бор?
АҚШнинг Tomahawk’ни Украинага бериш таҳидиди ортидан бошланган арсеналлар “фестивали”, жорий йилнинг 26 октябрь куни Россиянинг ядровий энергия билан ишлайдиган “Буревестник” қанотли ракетасини синовдан ўтказганлиги тўғрисида хабарлар тарқалиши билан бошланди, десак бўлади.
Россия Президенти Владимир Путиннинг Бирлашган ҳабий кучлар гуруҳи марказига ташрифи мобайнида Бош штаб раҳбари Валерий Герасимов баъзи тафсилотларни айтиб ўтган. Герасимов 21 октябрдаги синовлар муваффақиятли ўтгани ва “Буревестник” таҳминан 15 соат учгани, аммо, бу ҳали чегара эмаслигини айтган.
.jpg)
“Ракетанинг техник хусусиятлари уни исталган масофадаги юқори даражада ҳимояланган объектларга аниқ зарба бериш имконини беради”, деди у.
Албатта, Россияниннг бундай шовқин кўтаришига жавобан АҚШ маъмурияти ҳам жим қараб ўтирмади. 30 октябрда Truth Social ижтимоий тармоғида эълон қилинган маълумотга кўра, АҚШ Президенти Дональд Трамп Мудофаа вазирлигига ядровий синовларни бошлашни буюрган.
“Қўшма Штатлар бошқа ҳар қандай давлатга қараганда кўпроқ ядровий қуролга эга. Бунга, жумладан, мавжуд қуролларни тўлиқ янгилаш ишларига менинг биринчи президентлик муддатим давомида эришилди… Россия иккинчи, Хитой эса учинчи ўринда, лекин ҳатто 5 йил ичида ҳам шундай бўлади”, деб ёзади Трамп.
Аммо, Arms Control Association ёки ICAN каби расмий манбааларда ҳануз Россия ядровий қуролларга эгалик қилиш бўйича биринчи ўринда турибди. Ўз навбатида, бу 1968 йилда имзоланган “Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги пакт”нинг 2-моддасига хилоф ҳолда ядро қуролини кўпайтириш жинояти ёки Трампнинг доимгидек баланд-парвоз баёноти бўлиши мумкин.
Трампнинг бу буйруғи халқаро доирларда кенг норозиликларга сабаб бўлди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги воизи Го Цзякунь ва Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков томонидан тезкор муносабат билдирилди.
“Хитой АҚШнинг Ядро синовларини тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартнома (CNTBT) бўйича ўз мажбуриятларига ва ядро синовларига қўйилган мораторийни виждонан бажаришига умид билдиради”, дейди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Го Цзякунь.
Россия томони эса “Кремль Россия ва АҚШ ўртасида қуролланиш пойгасининг янги босқичи бошланганига ишонмайди”, деб таъкидлаган.
Қуролланиш пойгасининг қайта бошланишини истамайдиган Россия ҳукумати СССР қурол омборидан эски “ўйинчоқ”ларни олиб чиқиб синашни канда қилмаяпти. Масалан, 29 октябрда Путиннинг журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувида “Посейдон” номли экипажсиз сувости аппаратини синовдан ўтказилгани маълум бўлди.
Маълумот учун, “Посейдон” – бу ядровий энергия тизимига эга сувости қурилмаси бўлиб, у одатий ёки ядровий жанговар каллаклар билан жиҳозланиши мумкин. У икки мегатоннагача ядровий қувватга эга жанговар каллакни олиб юришга қодир ва унинг максимал ҳаракат тезлиги соатига 200 километрга етади.
.jpg)
Россия фақат ўзини эмас, шерикларини ҳам ажал қуроллари билан сийламоқда. 31 октябрь куни “Белта” нашрида чиқарилган маълумотларга кўра, Беларусь ўз ҳудудидаги эски қуроллар ўрнини Россиядан импорт қилинган янги, замонавий ядро каллаклари билан тўлдирган.
Бошқа томонда Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) раҳбари Ким Чен Ин ҳам ора-чира ўйинга қўшилиб, ҳайбатли қуроллари билан мақтаниб туради. 10 октябрда КХДР меҳнаткашлар партияси тузилишининг 80 йиллигига бағишланган ҳарбий парадда янги “Хвасон-20” номли қитъалараро баллистик ракетани тақдим этганини кўпчилик эсласа керак. Қуроллари билан мақтанишни севувчи КХДР раҳбарияти 28 октябрда стратегик қанотли ракеталарни синовдан ўтказгани ҳақида эълон қилди. Партия марказий қўмитаси котиби Пак Чон Чхон эса “мамлакат ядро қуролли кучларининг амалийлигини таъминлашдаги муваффақиятлар”ни таъкидлади.
.jpg)
Қисқа қилиб айганда, давлатлар чанг босган қуролларини омборларидан чиқаришни бошлаган кўринади. Дунё ядровий мувозанат иплари ингичкалашиб бормоқда.
Ядро уруши нега бўлмайди?
Дунё тартиботида халқаро ҳуқуқнинг аҳамияти борган сайин камайиб бораётган, Ер шарининг турли чеккаларида минтақавий урушлар тинмаётган бир даврда, давлатларнинг ядровий қуроллар ҳақидаги келишувлари ҳам бир четга сурилиб, охирзамон уруши бошланмаслигига ким кафолат беради? Ахир сиёсатчилар айтгандек, халқаро тизим мутлақо аннархик.
Ҳақиқатдан ҳам халқаро муносабатлар тизими аннархик, яъни ягона тартибга солувчига эга эмас. Қайсидир давлатда ядро қуроли борми, демак, ундан фойдаланиши ҳам мумкин. Айниқса, бу таҳдидчилар дунёда энг катта жанговор каллаклар захирасига эга Россия ёки АҚШ бўлса. Бу икки давлатнинг биргаликдаги ядровий арсенали дунёдаги барча ядро қуролларининг 90 фоизини ташкил этади. “Nuclear Threat Initiative” ташкилоти амалиётчиси Шейд Уорд ёзганидек:
“Ядро қуролидан фойдаланиш хавфи бугунги кунда 60 йил аввал Куба ракета инқирозидан бери ҳар қандай вақтга қараганда юқори”.
Бироқ, барча фаразларни инкор қилувчи умумий ғоя бор, ядро қуролларини қўллаш – бу ўз жонига қасд қилиш деганидир. Яъни, барча учун таҳдид бўлиб кўринувчи “охирзамон қуроллари”, бир вақтнинг ўзида хавфсизлик кафолатидир.
Бугунги кунда ядровий эскалацияни қўллаш эҳтимоли энг юқори мамлакат сифатида Россия кўрилмоқда. Украина билан кутилганидан узоққа чўзилган уруш ва 31 октябрда эълон қилинган Пентагоннинг Tomahawk қанотли ракеталарини Украинага топширишга розилиги ҳақидаги янгиликлар ортидан Москванинг ядро қуроли бўйича позицияси кескинлашиб бораётгандек. Аммо, ушбу ғоянинг амалиётда содир бўлиши эҳтимолдан анча узоқ. Негаки, жанговор каллаклардан фойдаланиш, нафақат АҚШ ёки Украинанинг, балки бутун дунё давлатларининг кескин норозилигига сабаб бўлади. Келинг, чуқурроқ таҳлил қилиш учун баъзи Россия ядровий-табуни бузиши сценарийларини кўриб чиқайлик.
.jpg)
Айни дамда Украина Ғарбнинг қўлловидан кенг фойдаланиб келмоқда, ваҳолангки у ҳали НАТОга аъзо эмас. Шунда ҳам АҚШ, Франция ёки Гемания каби давлатлар Зеленскийнинг илтимосларига муносиб жавоб бериб, қўллаб келмоқда. Агар Россия ядро бомбаларини Украниага йўлласа, дунё давлатларининг бор қаҳр-ғазаби Россияга йўналтирилган бўларди ва бу сценарийда Россиянинг кейнги аҳволи аниқ. Бундан ташқари Шарль Луи Монтескьенинг “Қонунлар руҳи” китобида таъкидланганидек,
“Урушдан мақсад – ғалаба, ғалабадан мақсад – асраб қолиш”.
Иккинчи сценарий бўйича, Россия Украинани қўрқитиш мақсадида, кам талофатлар келтирадиган жойларга оз сонли жанговор каллакларни ташласа нима бўлади? Ҳар иккала ҳолда ҳам бу “Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги пакт”нинг бузилиши ва бошқа давлатлардан жиддий жавоб бўлиш табиий. Бундан ташқари, битта ёки иккита тактик ядровий қуролнинг зарари ҳам Украина жамоатчилигини руҳий тушкунликка солиб қўядиган даражада жиддий бўлиши мумкин эмас. Бежизга АҚШнинг Японияга уюштирган ядро эскалацияси ягоналигича қолмаяпти.“Global Affairs & Public Policy” мактабининг асосчи директори Жанис Стеин Мунк таъкидлаб ўтганидек,
“Агар Россия тактик ядро қуролидан фойдаланса, бундай стратегия тескари натижа бериши мумкин эди. Украина жамоатчилиги байроқ атрофида тўпланиши, ўз етакчиси ортида бирлашиши ва Украина ичида тобора муҳокама қилинаётган ўт очишни тўхтатиш таклифларига қаршиликни кучайтириши мумкин”.
Хулоса қилиб айтганда, барча контекстларда ядро қуролларини қўллаш, муаммоларни йириклаштирса йириклаштирадики, алсо ҳал қилиб қўймайди. Ҳозирги “қуроллар кўргазмаси” эса шунчаки “қўрқитиш ўйини” холос. Шундай экан, келгусида катта эҳтимол билан ядро хуружи кузатилмайди, Қора оққушларни инобатга олмаганда.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь