Яқин Шарқда янги уруш. Туркия ҳам нишонга айланяпти

Таҳлил

АҚШ ва Исроилнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига зид равишда бошлаган бошбошдоқликлари ортидан Яқин Шарқда сўнгги кунларда юз бераётган ҳарбий ва сиёсий кескинликлар минтақадаги кўплаб давлатлар қатори Туркияни ҳам хавотирга солмоқда. Эронга қарши ҳарбий операциялар, Теҳроннинг жавоб таҳдидлари ва ракета ҳужумлари эҳтимоли туфайли айрим давлатлар ўз дипломатларини минтақадан олиб чиқишни бошлади. Бу жараён Туркияга ҳам таъсир қилди: АҚШ Давлат департаменти Аданадаги консуллик ходимларининг бир қисмини эвакуация қилишга қарор қилди. Хавотир шундаки, агар можаро кенгайса, Туркия ҳам бевосита хавф зонасига кириб қолиши мумкин.

Дастлабки ҳужум

Буларнинг барчаси жорий йилнинг 4 март куни Яқин Шарқдаги можаро бошланганидан буён илк бор Туркия осмонида Эрондан учирилган деб тахмин қилинаётган баллистик ракета йўқ қилиниши ортидан бошланди. 

Туркия Мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, Шарқий Ўрта ер денгизида жойлашган НАТОнинг ҳаво ва ракетага қарши мудофаа кучлари Эрондан учирилган, Ироқ ва Сурия ҳаво ҳудуди орқали учиб ўтган ва Туркия томон йўналган ракетани дарҳол аниқлаб, зарарсизлантирган.

Маълумотларга кўра, Ҳатай вилоятининг Дортёл туманига ракетага қарши мудофаа тизими парчалари тушган. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ.

Туркия Мудофаа вазирлиги мамлакат ҳар қандай ҳаракатга жавоб бериш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини билдирган. Шунингдек, Анқара НАТО ва бошқа иттифоқчилар билан маслаҳатлашувларни бошлади.

Орадан бир кун ўтиб, 5 март куни Эрон ракетаси Туркиянинг энг яқин иттифоқчиси бўлган Озарбайжоннинг Нахичевон Мухтор Республикаси ҳудудидаги аэропортга қулаб тушди. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Эроннинг Озарбайжонга қилган ҳужумларини қатъий қоралаб чиқди.

Қолаверса, Туркия Президенти озарбайжонлик мавқедоши Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот ҳам қилиб, суҳбат давомида давлат раҳбарлари Нахичевон Мухтор Республикасига уюштирилган ҳужумни муҳокама қилган.

Президент Эрдўған учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида амалга оширилган ҳужумни қоралаб, Президент Алиевга ҳамда қардош Озарбайжон халқига ҳамдардлигини билдирган.

Урушга қарши тайёргарлик

6 март кунига ўтиб, Туркияда эҳтимолий уруш ва фавқулодда вазиятларга тайёргарлик доирасида 16 та вазирликда янги Фавқулодда ҳолатлар ва мудофаа режалаштириш бўлими бошлиғи лавозими жорий этилди ва тайинлов амалга оширилди. Унга кўра, Миллий мудофаа вазирлигидан ташқари барча вазирликларда Фавқулодда ҳолатлар ва мудофаа режалаштириш бўлими бошлиғи лавозими жорий этилиб, ушбу лавозимларга расмий тайинловлар амалга оширилган.

Мазкур бўлимлар вазирликларнинг табиий офатлар, фавқулодда вазиятлар ҳамда фуқаролик мудофааси бўйича тайёргарлик ишларини мувофиқлаштириш билан шуғулланади. Шунингдек, улар сафарбарлик ва уруш ҳолатига оид режаларнинг бажарилишини назорат қилади ҳамда вазирликларни Фавқулодда ҳолатлар ва офатлар бошқаруви бошқармаси марказида вакиллик қилади.

Бундан ташқари, янги тузилма президентлик аппарати ва турли инқироз марказлари ўртасида ахборот алмашинувини таъминлаш вазифасини ҳам бажаради.

Мутахассислар фикрича, ушбу қарор орқали давлат тизими ичида инқироз, табиий офатлар ва уруш ҳолатларига тайёргарлик жараёнларини мувофиқлаштирадиган марказлашган тизим шакллантирилмоқда.

Миллий мудофаа вазирлиги эса ушбу соҳанинг асосий ижрочи органи ҳисоблангани сабабли янги тузилма таркибига киритилмаган. Маълум қилинишича, вазирликлар таркибида Фавқулодда ҳолатлар ва мудофаа режалаштириш бўлимини ташкил этиш тўғрисидаги қарор 2025 йил октябрь ойида қабул қилинган. Сўнгги қарор билан эса мазкур бўлимларга расмий тайинловлар амалга оширилган.

Қолаверса, Туркияда ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш мақсадида Патриот ҳаво мудофаа тизими Малатяга жойлаштирилиши маълум қилинди. Миллий мудофаа вазирлиги буни Туркия Қуролли кучлари мамлакат ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қатъий интилаётганлиги билан изоҳлаган. Бундан ташқари, НАТО ва иттифоқчилар билан ҳамкорлик ҳамда маслаҳатлашувларда воқеаларни баҳолашини билдирган.

“Ҳудудимизда юз бераётган сўнгги воқеалар фонида чегара ва ҳаво ҳудудимиз хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чоралар кўрилмоқда, НАТО ва иттифоқчиларимиз билан маслаҳатлашувлар олиб борилмоқда. Миллий даражада қабул қилинган чораларимизга қўшимча сифатида НАТО ҳаво ва ракета мудофаа чоралари кучайтирилган. Ҳаво ҳудудимизни ҳимоя қилишга ёрдам бериш мақсадида Патриот тизими Малатяга жойлаштирилмоқда. Мудофаа ва хавфсизлик салоҳиятини энг юқори даражада сақлаётган мамлакатимиз НАТО ва иттифоқчиларимиз билан ҳамкорлик ва маслаҳатлашувларда воқеаларни баҳолашни, минтақавий тинчлик ва барқарорлик учун саъй-ҳаракатларни давом эттиришни режалаштирмоқда”, дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, баёнотда айтилишича, Туркия яхши қўшничилик ва минтақавий барқарорликни ёқлайди ва мамлакатга, ҳаво ҳудудига қарши ҳар қандай таҳдидга нисбатан барча зарур чоралар қатъий ва шубҳасиз амалга оширилади. Туркиянинг бу борадаги огоҳлантиришларига риоя қилиш ҳар бир томоннинг манфаатига уйғун эканлиги эслатилган.

Эрдўған машварат бошлади

Эътибор беринг, 7 март куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг Ташқи ишлар вазирлари норасмий учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳам иштирок этди. Гарчанд музокараларда асосий мавзу нима бўлгани айтилмаган бўлса-да, Бахтиёр Саидов ҳар бир соҳада яқин ҳамкорлик қилиш учун энг мустаҳкам пойдевор яратилаётганини ёзди. Унинг Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан билан учрашувида Яқин Шарқдаги вазият ва унинг минтақавий оқибатлари бўйича фикр алмашилгани қайд этилди.

“Тинчлик ва барқарорликни таъминлаш манфаатлари йўлида минтақадаги зиддиятни мулоқот ва дипломатия орқали ҳал этишга бўлган умумий садоқатимизни тасдиқладик. Шунингдек, жорий йил январь ойида Ўзбекистон ва Туркия Президентлари ҳамраислигида бўлиб ўтган Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг 4-йиғилишида эришилган барча келишувларни тўлиқ амалга оширишга қатъий тайёрлигимизни билдирдик”, дейди Саидов.

Аввал Озарбайжонга, кейин Туркияга бошланган хуружлар фонида Туркий давлатлар ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Унда муҳокамалар минтақавий ва глобал хавфсизликка тобора ортиб бораётган таҳдидлар ҳамда мамлакатлар ўртасида бирдамлик ва мувофиқлаштиришни мустаҳкамлашнинг муҳимлигига қаратилди. Бахтиёр Саидов шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ташкилот доирасида амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришни ва барқарорлик, ўзаро боғлиқлик ва изчил ривожланишни рағбатлантиришга қаратилган асосий ташаббусларни илгари суришни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Хавфсизлик кучайтирилди

Туркия Миллий мудофаа вазирлиги Яқин Шарқдаги сўнгги воқеаларни ҳисобга олган ҳолда Шимолий Кипр Туркия Республикасининг хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсадида янги чоралар кўрилганини эълон қилди. Минтақадаги сўнгги воқеалар фонида Шимолий Кипр Турк Республикасининг хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган босқичма-босқич режалаштириш доирасида бундан бошлаб мазкур ҳудудга 6 дона Ф-16 қирувчи самолёти ва ҳаво мудофаа тизимлари жойлаштирилгани, вазиятни баҳолаш натижасида зарур деб топилса, қўшимча чоралар ҳам кўрилиши билдирилди.

Маълумот учун, F-16 Fighting Falcon енгил кўп функцияли қирувчи самолёт бўлиб, 2470 км/соат тезликда учиши мумкин ва 15,240 м баландликда парвоз қила олади. У 20 мм тўппон, турли ракета ва бомбалар билан жиҳозланган бўлиб, ҳаво жанглари, ерга ҳужум, разведка ва мудофаа тизимлари билан интеграциялашган миссияларни бажаради.

Туркий давлатлар Ташқи ишлар вазирларининг норасмий йиғилишидан кейинги матбуот анжуманида Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Эрондан мамлакатга йўналтирилган ракета ҳақида баёнот бериб, бу мавзуда Эронни кескин огоҳлантирди. Вазир Туркия осон провокацияга бериладиган мамлакат эмаслигини ва Эрондан ҳеч ким бундай можароларга аралашмаслигини таъкидлаган.

“Биз осонгина провокацияга бериладиган давлат эмасмиз. Ўз хавфсизлигимизни ҳимоя қилишда ҳеч қандай муаммо йўқ. Шу билан бирга, биз провокацияга берилиш ва урушнинг домига тортилиш нима эканлигини ҳам жуда яхши биламиз. Биз Эрон билан мулоқот қилдик ва айтдикки, агар бу ракета йўлини адаштирган бўлса, бу алоҳида масала. Лекин агар бу давом этадиган ҳодиса бўлса, у бир марта бўлади. Агар давом этадиган бўлса, бизнинг маслаҳатимиз – диққатли бўлинг ва бундай саргузаштларга Эрондан ҳеч ким аралашмасин. Чунки Туркия шу вақтгача дўстона муносабатларини, барқарорлик ва тинчликни таъминлашдаги принципиал позициясини ҳар доим намоён қилиб келган. Эрон узоқ йиллардан бери санкциялар остида, турли қийинчиликларга дуч келган, аммо Туркия минтақада ўз принципларига, қоидаларига содиқ, шаффоф ва барқарор ҳаракат қилаётган кам сонли давлатлардан бири бўлиб қолган”, деган Фидан.

Аммо, 9 март куни Эрон томонидан отилиб, яна Туркия ҳаво ҳудудига кирган баллистик ракета уриб туширилди. Туркия Миллий мудофаа вазирлиги баёнотида маълум қилинишича, мазкур ракета Шарқий Ўрта ер денгизида жойлашган НАТО ҳаво ва ракета мудофаа тизимлари томонидан тўхтатиб қолинган.

Баъзи ракета қисмлари Газиантепдаги бўш ерларга тушган. Ҳодиса оқибатида жароҳат олганлар ёки қурбон бўлганлар йўқ.

“Туркия яхши қўшничилик муносабатларига ва минтақавий барқарорликка катта эътибор беради. Шу билан бирга, мамлакатимиз ҳудуди ва ҳаво ҳудудига қарши бўлган ҳар қандай таҳдидга қарши зарур чоралар қатъият билан иккиланмасдан кўрилишини яна бир бор таъкидлаймиз. Туркиянинг ушбу огоҳлантиришларига риоя қилиш ҳар бир томоннинг манфаатига хизмат қилишини эслатамиз”, дейилади вазирлик баёнотида.

Эрон ракетаси Туркия ҳаво ҳудудида уриб туширилгач, Эроннинг Анқарадаги элчиси Муҳаммад Ҳасан Ҳабибуллоҳзода Туркия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган. Эрон томонидан учирилган ва Туркия ҳаво ҳудудига кирган баллистик ракетага нисбатан норозилик билдирилган ва воқеа бўйича тушунтириш бериши сўралган.

Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи билан телефон орқали мулоқотида Туркия ҳаво ҳудудининг бузилиши қабул қилинмаслигини айтиб, Туркия бунга қарши барча зарур чораларни давом эттиришини билдирган. Шунингдек, Фидан барча томонлар минтақавий хавфсизликни хавф остига қўйиши ва фуқароларга хавф туғдириши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилиши кераклигини таъкидлаган.

Вазир Ароқчи эса Туркия ҳаво ҳудудига йўналтирилган ракеталар Эронга алоқаси йўқлигини ва бу масала бўйича кенг қамровли текширув ўтказилишини маълум қилган.

Америка дипломатларни Туркиядан чиқармоқда

Табиат қонунларига кўра, бирор хавф-хатар яқинлашаётганини билса, кемирувчи ва судралиб юрувчилар у ерни биринчи бўлиб тарк этади. Худди шундай бир балони олдиндан билгандай, АҚШ Туркиянинг Адана шаҳридаги Бош консуллиги ходимлари ва уларнинг оилалари хавфсизлигини сақлаш мақсадида мамлакатдан эвакуация қилиш бўйича қарор қабул қилди.

Мамлакатда ортиб бораётган Эрон ҳужумлари сабабли америкалик ходимларга ушбу ҳудудда саёҳат чекловлари жорий қилинган. Хусусан, жануби-шарқий Туркиядаги Адана, Адияман, Батман, Бингўл, Битлис, Диёрбакир, Элазиғ, Газиантеп, Ҳаккари, Ҳатай, Ичел, Килис, Қаҳрамонмараш, Малатя, Мардин, Муш, Усмония, Сиирт, Шонлиурфа, Ширнак, Тунжели ва Ван шаҳарларида анти-АҚШ ва анти-Исроил кайфият кучайгани боис саёҳат қилмаслик тавсия этилган.

Шунингдек, жануби-шарқий Туркияда бўлган америкаликлар дарҳол тарк этишга чақирилган. Адана Бош консуллиги барча консуллик хизматларини вақтинча тўхтатгани сабабли ёрдамга муҳтож америкаликлар Анқарадаги АҚШ элчихонаси ёки Истанбулдаги Бош консулликка мурожаат қилиши кераклиги айтилган. 

Эрдўған Пезешкиёнга дакки берди

Эрондан Туркияга учирилган биринчи ракета воқеасидан бир ҳафта ўтар- ўтмас Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён билан телефон орқали суҳбатлашди ва уни Туркия ҳаво ҳудудини бузмасликка чақирди. 

Эрдўған Туркия ҳеч қандай иштирок этмаётган можаролардан салбий таъсир кўраётганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, мамлакат ҳаво ҳудудининг ҳар қандай сабаб билан бузилиши мутлақо қабул қилиб бўлмайди ва Анқара бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўришда давом этади.

Суҳбат давомида Эрдўған Эрон ишларига ноқонуний аралашувларни Туркия қўллаб-қувватламаслигини айтган, аммо минтақадаги “биродар давлатлар”ни нишонга олиш ҳеч кимга фойда келтирмаслигини ва бундай ҳаракатлар тўхтатилиши кераклигини таъкидлаган.

Туркия раҳбари, шунингдек Минобдаги мактабга қилинган ҳужум оқибатида, болалар ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирган. Шунингдек, Мужтабо Хоманаийнинг Эроннинг янги диний раҳбари этиб сайланиши минтақада тинчлик ва барқарорликка хизмат қилишига умид билдирган.

Ўз навбатида, Масъуд Пезешкиён Туркия ҳаво ҳудудига кириб қолган ракеталар Эрон ҳудудидан учирилмаганини билдириб, мазкур воқеа юзасидан ҳар томонлама текширув ўтказилишини ваъда қилган.

Ҳукумат йиғилишидан сўнг қилган чиқишида эса Ражаб Тойиб Эрдўған Эронни хато қилишдан тийилишга ва қайсарлик қилмасликка чақирди. 

“Эрон расмийларига зарур огоҳлантиришлар берилди. Аммо, самимий огоҳлантиришларимизга қарамай, Туркиянинг дўстлигига путур етказадиган, жуда нотўғри ва провокацион қадамлар ташлашда давом этмоқда. Халқимиз қалби ва онгида чуқур жароҳатлар қолдирадиган, минг йиллик қўшничилик ва биродарлик муносабатларига соя соладиган йўлга кирилмаслиги керак. Туркиянинг ўрни ҳам, позицияси ҳам аниқ. Можаро янада кенгаймаслиги ва яна кўпроқ қон тўкилмаслиги учун кўрсатаётган саъй-ҳаракатларимиз ҳам ҳаммага маълум. Шу воқеа доирасида яна бир бор айтаман – хато қилишда оёқ тираб олмаслиги керак. Биз воқеаларни НАТО ва бошқа иттифоқчиларимиз билан ҳамкорликда кузатишда давом этамиз ҳамда хавфсизлигимизни мустаҳкамлаш учун қўшимча чоралар кўрамиз”, дейди Эрдўған.

У баёнотида “Икки давлат – бир миллат” шиори асосида Туркия Озарбайжон бошчилигида минтақадаги қардош давлатлар билан ҳам бирдамлигини таъкидлаган.

Бундан ташқари, Эрдўған Туркияда мухолифат тез-тез танқид қиладиган яна бир масала – чегара хавфсизлиги ҳақида ҳам тўхталган. Унинг сўзларига кўра, ҳозирча Туркия чегараларида ҳеч қандай жиддий муаммо ёки ҳаракатланиш кузатилмаяпти.

Президент чегараларда, божхона пунктларида ва тегишли вилоятларда профилактик чоралар кучайтирилгани, давлат идоралари ўртасидаги вазифалар аниқ белгиланганини ҳам айтган. Зарурат туғилганда ишга тушириладиган режа, мувофиқлаштириш марказлари ва тезкор чоралар механизмлари ҳам тайёр ҳолда эканини таъкидлаган.

Рақиб, аммо эҳтиёткор қўшнилар

Туркия ва Эрон ўртасидаги муносабатлар эса тарихий жиҳатдан мураккаб, аммо эҳтиёткор мувозанатга асосланган. Икки давлат Яқин Шарқдаги энг қадимий қўшнилардан бири бўлиб, уларнинг чегараси асрлар давомида деярли ўзгармаган. 1639 йилда Усмонийлар империяси ва Сафавийлар давлати ўртасида имзоланган Зуҳоб сулҳи бугунги Туркия–Эрон чегарасининг асосини яратган. Тарихчилар таъкидлашича, шу даврдан буён икки давлат ўртасида замонавий даврда тўғридан-тўғри уруш бўлмаган. Бу эса Яқин Шарқ каби нотинч ҳудуд учун кам учрайдиган ҳолат ҳисобланади.

Бироқ, бу икки давлат ўртасида доимий ҳамжиҳатлик мавжуд дегани эмас. Туркия ва Эрон кўпинча минтақавий таъсир учун рақобат қилиб келади. Айниқса, Сурия можароси бу қарама-қаршиликни яққол кўрсатди. Туркия Сурия мухолиф кучларини қўллаб-қувватлаган бўлса, Эрон Башар Асад ҳукуматининг асосий иттифоқчиларидан бири эди. Шунингдек, Жанубий Кавказдаги вазият ҳам икки давлат ўртасидаги геосиёсий рақобатни кучайтирган. Туркиянинг Озарбайжонни қўллаб-қувватлаши ва минтақадаги таъсирини оширишга уриниши Теҳронда эҳтиёткорлик билан кузатилади.

Сўнгги воқеалар эса бу мураккаб муносабатларни янги босқичга олиб чиқди. Эрон билан боғлиқ ҳарбий кескинлик фонида НАТО тизимлари Туркия ҳаво ҳудудига яқинлашган ракеталарни тутиб олишга мажбур бўлган. Шундан сўнг Туркияда ҳаво мудофааси тизимлари кучайтирилди ва айрим ҳарбий объектларда хавфсизлик даражаси оширилди. Бу эса минтақадаги можаронинг Туркияга ҳам билвосита таъсир қилаётганини кўрсатади.

Шу билан бирга, экспертларнинг аксарияти Эроннинг Туркияга тўғридан-тўғри ҳужум қилиш эҳтимолини паст деб ҳисоблайди. Бунинг асосий сабаби Туркиянинг НАТО аъзоси эканидир. Агар Туркия ҳудудига ҳужум қилинса, НАТОнинг коллектив мудофаа механизми ишга тушиши мумкин. Бу эса можаронинг глобал миқёсга чиқишига олиб келиш эҳтимоли бор. Шунинг учун ҳам Эрон учун Туркия билан очиқ ҳарбий тўқнашув стратегик жиҳатдан жуда хавфли бўлади.

Бундан ташқари, икки давлат ўртасида иқтисодий ва энергетик алоқалар ҳам мавжуд. Туркия Эрон билан савдо алоқаларини сақлаб келаётган давлатлардан бири ҳисобланади. Энергия, транспорт ва чегаравий савдо соҳаларидаги ҳамкорлик икки давлатни тўлиқ қарама-қаршиликдан тийиб турувчи омиллардан бири сифатида кўрилади.

Бироқ, Туркия ҳам вазиятни эҳтиёткорлик билан кузатмоқда. Анқара учун асосий хавотирлардан бири – урушнинг кенгайиб кетиши эҳтимоли. Агар Эрон ва Исроил ўртасидаги можаро минтақавий урушга айланса, бу бутун Яқин Шарқ хавфсизлигига таъсир қилади. Туркия учун яна бир хавф – қочқинлар оқими. Агар Эрон ичида беқарорлик кучайса, миллионлаб одамлар Туркия томон йўл олиши мумкин.

Теҳрон ҳам, ўз навбатида Туркиядаги айрим омиллардан хавфсирайди. Энг аввало, Туркия ҳудудида НАТО ва АҚШ ҳарбий инфратузилмаси мавжуд. Адана яқинидаги Инcирлик авиабазаси НАТОнинг муҳим стратегик объектларидан бири ҳисобланади. Агар Эрон билан Ғарб ўртасидаги қарама-қаршилик кучайса, бу каби ҳарбий объектлар ҳам потенциал нишонга айланиши мумкин.

Шу сабабли, Туркия ва Эрон ўртасидаги муносабатлар кўпинча “рақиб, аммо эҳтиёткор қўшнилар” сифатида тавсифланади. Икки давлат минтақада бир-бирининг таъсирини чеклашга ҳаракат қилади, бироқ очиқ ҳарбий тўқнашувдан қочади.

Бугунги вазият эса бу мураккаб мувозанатни синовдан ўтказмоқда. Эрон ва Исроил ўртасидаги кескинлик, Ғарб давлатларининг ҳарбий фаолияти ҳамда дипломатик эвакуациялар Яқин Шарқдаги хавфсизлик муҳитининг қанчалик беқарор эканини кўрсатмоқда. Шунга қарамай, кўплаб таҳлилчилар Туркия ва Эрон ўртасида тўғридан-тўғри уруш эҳтимоли ҳозирча паст эканини таъкидлайди.

Аммо тарих шуни кўрсатадики, Яқин Шарқдаги ҳар қандай можаролар тезда кенгайиб кетиши мумкин. Шу боис, Туркия ҳам, Эрон ҳам ҳозирча эҳтиёткор сиёсат юритиб, очиқ қарама-қаршиликдан қочишга ҳаракат қилмоқда. Минтақадаги кейинги воқеалар эса бу мувозанат қанчалик мустаҳкам эканини кўрсатиб беради.
 


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ НАТО Сурия Эрон Ироқ Эрдўған Яқин Шарқ Исроил Уруш фавқулодда вазиятлар Пезешкиён ҳарбий ва сиёсий кескинликлар Туркия Мудофаа вазирлиги Америка дипломатлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг