Наманганда 7 яшар қиз зўрланди. Иссиқкўлда ўқувчи қиз зўрлаб ўлдирилди. Педофилларни қандай жазо кутмоқда?

Таҳлил

Охирги йилларда Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистонда содир бўлган тинимсиз фожиалар — йўқолиб қолган, зўрланган, ўлдирилган қизлар ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарқалган бўлса-да, аксарияти фақат вақтинчалик баҳс ва ҳайрат уйғотади, амалда эса тизим ўзгаришсиз қолмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан кўрсатилган лоқайдлик, қонунчиликдаги бўшлиқлар, патриархал анъаналар ва қурбонларни айблашга мойил жамоатчилик фикри бу жабрланганларни янада ёлғиз қолдирмоқда.

Аслида, бу бир нечта шахсларнинг қилмиши эмас – бу минтақанинг умумий сиёсий, ҳуқуқий ва маданий муҳитидаги чуқур муаммолар ифодасидир. Энг даҳшатлиси – бу зўравонликларнинг олди олиниши мумкин эди. Лекин бу учун нафақат қонун, балки жамиятнинг ўзгариши, айниқса, аёлга нисбатан муносабатда туб ислоҳотлар зарур. Бугун ана шундай воқеалардан бири ҳақида сўз юритамиз.

Бундан бир ойча олдин, 27 сентябрда иссиқкўллик 17 ёшли Ойсулув Мукашева дуч келган фожиа бутун Қирғизистонни ларзага солди. Гап шундаки, эндигина 11 синфга қадам қўйган бу қиз ўғирлаб кетилиб, жинсий зўравонликка учраган ва кейин ваҳшийларча ўлдирилиб, далага ташлаб кетилган. Бу воқеа жамият ва давлатнинг ёш қизларни, аёлларни ҳимоя қилиш борасида мутлақ кучсиз эканини яна бир бор тасдиқлади.

Маълумотларга кўра, ўша куни тушдан кейин Ойсулув Қоракўл шаҳридаги дугонасиникига боришини айтиб, Барскаун қишлоғидаги уйидан чиқиб кетиб, бедарак йўқолган. У тушиб қолган кузатув камераси ёзувларида қизнинг йўл ёқасида юриб кетаётгани акс этган. Кейинчалик унинг жасади узоқ дара яқинидаги Жал-Ариқ ҳудудидан топилиб, қизнинг зўрлангани ва ўлдирилгани аниқланган. Ҳозирда эса кузатув камерасида муҳрланган кадрларга асосланиб, Ойсулувнинг йўлдан ўтган машинага ўтириб кетгани тахмин қилинмоқда ва 41 ёшли ҳайдовчи гумонланувчи тариқасида қўлга олинган.

Қотилликда гумон қилинаётган 41 ёшли Қумарбек Абдиров воқеа ҳақида батафсил гапириб берди. У қотиллик содир бўлган кун соат 13:00 атрофида қизни Дархон қишлоғи яқинидаги олма боғига олиб бориб, зўрлаган. Шундан сўнг, Абдиров боғланган қизни Жениш қишлоғидаги отасининг уйига олиб келиб, яна зўрлаган. Соат 15:30 да Тўн туманидаги Қожи-Сай қишлоғи яқинида Абдиров Ойсулувни бўғиб ўлдириб, телефонини Иссиқкўлга ташлаб юборган.

Қизнинг жасадини машинасига жойлаштиргандан сўнг, Боом дарасига йўл олган. Соат кечки 7 га яқин Абдиров жасадини Кемин туманидаги Чўлоқ қишлоғи яқинида қолдириб, Бишкек томон йўл олган. Ойсулув 30 сентябрь куни ўз қишлоғида дафн этилди. Бу жиноят кўп мауммони кўтаряпти. Улардан бири амниция масаласи. Яъни жазоси енгиллаштирилаётган, ўталмай қолган қамоқ жазоси озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога алмаштирилаётганлар ҳақиқатдан ҳам бунга лойиқми? Улар чин дилдан афсусланганми?

Қирғизистон ИИВ матбуот хизмати Абдировнинг шу каби бошқа жиноятларга алоқадорлиги эҳтимоли борлигини маълум қилди, улардан бири 2014 йилда 18 ёшли Камила исмли қизнинг ўлдирилиши бўлган.

У икки марта жиноий жавобгарликка тортилган: 2006 йилда талончилик учун жарима тўлаган, 2016 йилда яна одам ўлдиришга суиқасд қилгани учун. Иккала ҳолатда ҳам аёлларга ҳужумлар содир этилган.

2006 йилда ҳали талаба бўлган 22 ёшли Абдиров Кўк-Жар тураржой мажмуасида онаси билан кетаётган қизнинг бошига тош билан урган. Фурсатдан фойдаланиб, унинг телефонини олиб қочган.

Ўша куниёқ Абдиров милиция ходимлари томонидан қўлга олинган. Шундан сўнг, унинг қариндошлари жабрланувчига мурожаат қилиб, Абдиров онасининг ёлғиз ўғли эканини таъкидлаб, узр сўрашган. Йигит кечирилди, шундан сўнг суд озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган ҳукм чиқарди.

Суҳбатда жабрланувчи Абдировга қамоқ жазоси берилмаганидан афсусда эканини айтганди. Кейинги сафар у ўзини суд мажлисида кўрди, бу янада оғир жиноят учун эди. Манбаларнинг айтишича, Абдиров жабрланувчиларни такси хизматларини таклиф қилиш орқали топган.

2015 йилнинг 13 октябрида бир аёл унинг Honda Stream машинасига ўтирган, лекин у ҳеч қачон қайтиб келмаган. Бу машина айнан бугунги қаҳрамонимиз – марҳум Ойсулув ўтирган Honda Stream эди.

Жабрланувчининг сўзларига кўра, Абдиров уни зўрлаган. Шундан сўнг, у қизни ариқда қолдириб, унга катта тош улоқтирган. Жабрланувчининг фикрича, у унинг бошини нишонга олган ва аёлнинг ҳушида эканидан бехабар бўлган. Аммо тош аёлнинг қўлига бориб тушган.

Милиция ходимлари ўшанда Абдировни қўлга олди. Абдиров 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилганди, у 32-сонли ахлоқ тузатиш колониясида сақланган. 2018 йил 28 апрель куни амнистия акти асосида шартли равишда озодликка чиқарилган.

Мукашева сингари Ўзбекистонда зўрланаётганлар ҳам талайгина. Масалан, жорий йилнинг 14 октябрь куни Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида 7 яшар қиз 38 ёшли қариндоши томонидан зўрланди. Гумонланувчи тоғасининг уйидаги тўйга борган ва унинг 7 яшар неварасини алдаб, номусига тегган ва воқеа жойидан яширинган. Эркак 2 кундан сўнг топилган ва 16 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман судининг ажрими билан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) 4-қисми билан жиноят иши ҳам очилди. Қизиқ томони шундаки, ушбу жиноятни содир этишда гумонланаётган шахс олдин ҳам 2 марта шунга ўхшаш жиноятларни содир этгани учун судланган ва маълум муддатларга озодликдан маҳрум қилинган.

17 ёшли Ойсулувга қилинган жинсий тажовуз ва қотиллик воқеаси инсонлар қалбини жунбишга келтирди, ижтимоий тармоқлар турли мунозараларга тўлиб-тошди.

Энг шов-шувлиси Президент Садир Жапаровнинг муносабати бўлди.  У мамлакатда болалар ва аёлларга нисбатан содир этилган оғир жиноятлар учун ўлим жазосини жорий этишни таклиф қилди. Аммо давлат раҳбарининг бу таклифи мамлакат конституциясига мутлақо зид ҳисобланади.

Жапаровнинг таклифини кутилмаган ва янги ташаббус, деб бўлмайди. Масалан, 2022 йилда ҳам вояга етмаганларга қарши зўравонлик ҳолатларининг ортиб бораётгани фонида қирғизистонлик баъзи депутатлар бундай жиноятлар учун ўлим жазоси қўлланилишини назарда тутувчи қонун лойиҳаларини илгари сурган, ҳатто референдум ўтказиш масаласи ҳам кўтарилган. Бироқ айрим эксперт ва депутатлар бу ташаббусга қарши чиққан. Улар Қирғизистон суд тизимининг адолатсиз ва номустақил эканини қайд этиб, бегуноҳ одамлар ўлдириб юборилиши мумкинлигини таъкидлаган. Бош вазир ўринбосари Эдил Байсалов ҳам қонун лойиҳасига қарши чиқиб: “Ҳукумат бундай ҳиссий ташаббуслардан Конституцияни қатъий ҳимоя қилади”, деган эди.

Президент Жапаров Ойсулувнинг иши бўйича терговни шахсан ўзи назоратга олгани ва ўз маъмуриятига жазоларни кучайтириш бўйича қонунчиликка ўзгартишлар киритиш лойиҳасини ишлаб чиқишни топширганини айтди. Садир Жапаров вояга етмаганлар ва аёлларни ўлдириш, зўрлаш билан боғлиқ жиноятлар сони ортиб бораётгани, “стандарт” қамоқ жазоси жиноятчиларга энди тўсқинлик қилмаётганини таъкидлади.

Шунингдек, у коррупция жиноятлари ўлим билан жазоланиши мумкин эмаслигини таъкидлади. У ўлим жазоси фақат шафқатсиз қотилликлар ва педофиллик учун бўлишини айтди.

Одил судловнинг нотўғри ишлаши хавфи ҳақидаги жамоатчилик хавотирларига жавоб берар экан, давлат раҳбари XXI аср тергов ва суд жараёнларини шаффоф ўтказиш, жумладан, видеоёзув ва онлайн трансляциялар учун технологик имкониятларни тақдим этишини таъкидлади.

“Биз бу масалани ёлғиз ҳал қилмаймиз. Халқ билан маслаҳатлашамиз. Бу масала умумхалқ референдумига қўйилиши мумкин. Агар кўпчилик буни қўллаб-қувватласа, конституция ва қонунларга ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, халқаро мажбуриятларни қайта кўриб чиқиш зарур бўлади”, деди Садир Жапаров.

Президент аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш устувор вазифа бўлиб қолаётганини, бундай долзарб масала бўйича қарор фақат халқ томонидан қабул қилиниши кераклигини қўшимча қилди.

Қирғизистонда ўлим жазоси охирги марта 1998 йилда ижро этилган. 1991 йилдан 1998 йилгача бўлган даврда ушбу ҳукм отув йўли билан амалга оширилган. Жиноят кодексига кўра, ижро ошкора амалга оширилмаган. Қатл ижро этилгачгина марҳумнинг қариндошларига хабар қилинган, лекин жасад қайтариб берилмаган ва дафн жойи сир сақланган.

Амалда мавжуд бўлмаса-да, 2005 йилгача Жиноят кодексида қуйидаги жиноятлар учун ўлим жазоси белгилаб қўйилган эди: 

  • Оғирлаштирувчи ҳолатлар билан содир этилган қотиллик; 
  • вояга етмаган қизни жинсий зўрлаш;
  • геноцид.

18 ёшга тўлмаган шахслар, аёллар ҳамда 60 ёш ва ундан ошган фуқароларга нисбатан бундай жазо қўлланиши тақиқланган эди. Шунингдек, руҳий касаллик ёки бошқа руҳий бузилишларга учраган шахслар ҳам ўлим жазосидан омон қолган.

2007 йил 25 июнда Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Қурманбек Бакиев Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритувчи қонунни имзолади. Унга кўра, ўлим жазоси умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилди. Шу тариқа, мамлакатда энг оғир жазо чораси сифатида умрбод қамоқ жорий этилди. 2010 йилда Қирғизистон “Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро пакт”нинг иккинчи ихтиёрий протоколини ратификация қилиб, ўлим жазосини бутунлай бекор қилиш мажбуриятини олган.

Ўлим жазоси мавжуд бўлган даврда ҳам, бекор қилинган даврда ҳам суд тизими эътирозлар остида қолмоқда. Қирғизистон қонунчилигига кўра, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари суд орқали ҳимоя қилинади. Аммо амалиётда мамлакат суд тизими доимий равишда ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар томонидан танқид қилинади. Масалан, Penal Reform International халқаро нодавлат ташкилоти тақдим этган “Марказий Осиёда ўлим жазосининг бекор қилиниши” ҳисоботида шундай дейилади:

“Минтақа давлатларидаги суд тизими совет давридан қолган бўлиб, прокуратура органлари номутаносиб ваколатларга эгалик қилади. Шунингдек, судгача терговлар ҳам асосан айбни исботлашга қаратилади, айбсизликни кўрсатиши мумкин бўлган далилларни тўплаш эса эътибордан четда қолдирилади. Чунки судья, прокурор ва терговчилар оқлов ҳукми чиқариш орқали жамият олдида коррупцияга қўл ургандек кўринишдан хавотирланади. Бунинг оқибатида, оқлов кўрсаткичлари ниҳоятда паст ва айбсиз деб топилганлар жуда кам”.

Бундан ташқари, ҳисоботда давлат томонидан тайинланадиган адвокатларга жуда кам ҳақ тўланиши ва улар мижозни ҳимоя қилиш билан эмас, аксинча, терговчилар қўйган айбловни исботлаш билан шуғулланиши таъкидланган. Қолаверса, тергов жараёнида содир этиладиган қийноқ амалиёти ҳам танқид қилинган.

Инсон ҳаётига нуқта қўйиш ваколати ҳақида гап борар экан, ҳар бир жиҳат аниқликка муҳтож. QALAMPIR.UZ боғланган инсон ҳуқуқлари фаоли Озод Жўрабоевнинг фикрича, ўлим жазосини тиклаш масаласи гуманизм тамойиллари, халқаро меъёрлар ва жиноятчиликка қарши курашнинг амалий самарадорлиги нуқтаи назаридан баҳоланиши зарур. У адолатга эришишнинг энг тўғри йўли жазони ўта қаттиқлаштириш эмас, балки унинг муқаррарлигини таъминлаш эканини айтади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Қирғизистон зўрлаш Садир Жапаров Ойсулув Мукашева Қумарбек Абдиров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг