Мирзиёев Президентларга Ислом цивилизацияси марказини кўрсатди

Жамият

image

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган минтақа мамлакатлари Президентлари ва Озарбайжон етакчиси Ўзбекистон Президенти билан биргаликда Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Мажмуа миллий меъморий анъаналар ва замонавий безаклар уйғунлигида барпо этилган. Иншоотнинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўрта қисмида эса 65 метрли миллий услубдаги гумбаз қад ростлаган.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Президент Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида мусулмон оламининг бебаҳо маънавий дурдонаси саналган Усмон Мусҳафи сақланаётган Қуръони карим залига ташриф буюрган. Қуръоннинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири бўлган ушбу нодир манба улкан тарихий ва маданий аҳамиятга эга бўлиб, минтақа халқларининг цивилизациявий ўзига хослигини шакллантирган чамбарчас маънавий ришталарни ифода этади.

Етакчилар, шунингдек, “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс”, “Иккинчи Ренессанс” ҳамда “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” бўлимлари билан танишган.

Уларда буюк алломалар – Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа улуғ уламоларнинг бой илмий ва маънавий мероси кенг ёритилган. Кўргазмада сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, темурийлар ва бошқа сулолалар даврига оид қўлёзма нашрлар ва уларнинг қадимги ўзбек тилига таржималари ҳам мавжуд.

Етакчилар минтақа мамлакатлари ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, маънавий-маърифий лойиҳаларни илгари суриш ва умумий гуманитар қадриятларни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаган.

Минтақанинг бой умумий меросини сақлаш ва тарғиб қилиш борасидаги Ўзбекистоннинг кенг кўламли саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берилган. Мажмуа замонавий тадқиқот маркази бўлиб хизмат қилишига, минтақа мамлакатлари ўртасида илмий, таълим ва маданий ҳамкорлик учун янги уфқлар очишига ишонч билдирган.

Маълумот учун, жорий йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади. Маслаҳат учрашуви якунларига кўра кўп томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами қабул қилиниши кутилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий Осиё Ислом цивилизацияси маркази Маслаҳат учрашуви

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг