Тошкентда фуқаро ИИО ходимига 10 минг доллар пора берди (видео)

3-саҳифа

image

Тошкент шаҳрида фуқаро жиноят қидирув вакилига аниқланган ҳолат юзасидан чора кўрмасликни сўраб, 10 минг доллар берган вақтида ушланди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, Шайхонтоҳур тумани ИИБ томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ўз уйида гиёҳвандлик воситаларини сақлаб келаётган шахс аниқланган. Ушбу жараёнда гумонланувчи жиноят қидирув вакилига аниқланган ҳолат юзасидан чора кўрмасликни айтиб, катта миқдорда пора таклиф қилган. ИИО ходими порани рад қилиб, пора бериш ва олиш қонунга хилоф эканини бир неча марта таъкидлаган. Аммо фуқаро фикрида қатъий туриб олган.

Шундан сўнг, ходим пойтахт ИИББга билдирги орқали мурожаат қилган. Ушбу билдирги асосида ИИВ ва прокуратура иштирокида ўтказилган тезкор тадбирда гумонланувчи фуқаро 10 минг доллар берган вақтида қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.

Қайд этиш жоиз, 2025 йилнинг бошидан то ҳозирги кунгача Ўзбекистонда ИИО ходимларига 117 фуқаро пора берган вақтида қўлга олинган ва жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, ИИББ хабарида келтирилишича, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган “Долзарб 20 кунлик” тезкор профилактик тадбирлари бошланганидан шу кунга қадар Тошкент шаҳрида 270 та жиноят фош этилган. 272 та жиноят иши очилган. 117 та ҳолатда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар аниқланган. Тадбирлар давомида 4 кг 578 гр наркотик, 1000 та кучли таъсир қилувчи дори воситалари тарқалишининг олди олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразм вилоятида олиб борилган “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор профилактик тадбирида жиноят ишини тугатиш учун терговчига пора берган шахс ушланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ИИО пора бериш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг