Узоқдаги инқирознинг яқиндаги акс-садоси
Таҳлил
−
28 Апрель 5684 10 дақиқа
Ҳормуз атрофида содир бўлаётган воқеалар ҳақида кўп ва хўп гаплашдик. Аммо айнан шу торгина сув йўлагининг Ўзбекистонга қай даражада таъсир қилишини тушуниш ниҳоятта муҳимдир. Негаки, глобал бозорнинг муҳим ўйинчиларидан бирига айланиб бораётган Ўзбекистон ҳам бугун халқаро иқтисоднинг ҳар бир тебранишини ўзида ҳис этмоқда.
Гарчи Ўзбекистон беқарорлик марказига айланиб қолган сув йўли билан тўғридан-тўғри туташ бўлмаса-да, Форс кўрфази мамлакатлари билан савдо айланмаси аҳамиятли ҳисобланади. Бирлашган Араб Амирликлари (БАА), Саудия Арабистони каби давлатлар Ўзбекистоннинг энг яқин савдо ҳамкорларидан ҳисобланади. Кўрфаз давлатларидан Тошкент учун ёнилғи, ўғит, саноат хомашёси ва озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилинади. Экспортда эса рангли металлар, тўқимачилик маҳсулотлари, мева ва сабзавотлар асосий ўринни эгаллайди. Товарларнинг асосий қисми ўз навабтида Ҳормуз орқали Эроннинг Бандар-Аббос портига ва ундан сўнг, темир йўл орқали Ўзбекистонга олиб келинарди. Бугунги мураккаб вазиятда эса, ушбу логистика йўлагининг барқарорлиги жиддий хавф остида қолмоқда. Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинлик транспорт харажатларининг ошишига, суғурта ставкаларининг кўтарилишига ва етказиб бериш муддатларининг узайишига олиб келмоқда. Бу эса, ички бозорга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.
Ёнилғи нархлари
Дунё харитасига назар ташласангиз, Ўзбекистон ва Ҳормуз бўғози ўртасида минглаб километрлик масофа, баланд тоғлар ва кенг саҳролар борлигини кўрасиз. Бироқ, иқтисодиёт ҳақида гап кетганда масофалар шунчаки нисбий тушунчага айланиб қолади. Форс кўрфазининг торгина бир нуқтасида содир бўлаётган геосиёсий “зилзила” бугун Ўзбекистоннинг ёнилғи қуйиш шохобчаларида, бозор расталарида ва шу билан бирга ҳар бир фуқаронинг ҳамёнида ҳам акс-садо бермоқда.
Шу йилнинг февраль охирида бошланган можаролар бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам ёнилғи нархларига таъсир қилмоқда. Гарчи мамлакат ичида нефть ва газ конлари мавжуд бўлса-да, 38 миллион истеъмолчи ҳазилакам миқдор эмас.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ вакили Нуриддин Мухтаровнинг таъкидлашича, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида қайта ишланадиган нефтнинг 40% гача бўлган қисми импорт қилинади. Бу эса, ўз навбатида глобал энергетика бозорида бўлаётган нарх ўсишлари Ўзбекистонга ҳам сезиларли таъсир қилишини билдиради. Халқаро майдондаги таранглик фонида Brent маркали нефть нархи 70 доллардан 130 долларгача, яъни салкам 80 фоизга ўсган бир вазиятда Ўзбекистонда ёнилғи нархлари нисбатан барқарордек. Бу борада “Ўзбекнефтгаз” АЖ вакили қуйидагича изоҳ берди:
“Европа ва Ғарб мамлакатларида бензин ва дизель ёнилғиси нархи 80% гача ёки икки баравар ошди. Таққослаш учун, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводимизда ишлаб чиқарилган бензин атиги 1,4% га, дизель ёнилғиси эса 17,5% га ошди”, деди у.
Кенг миқёсда олтин савдоси ва етарли ёнилғи захиралари яратилгани Ўзбекистонда бензин ва дизелнинг нархини сунъий равишда стабил ушлаб туришга ёрдам бермоқда.
“Мамлакат бўйлаб нефть базаларимиз бензин билан тўлиқ таъминланган — тахминан 130 минг тонна АИ-92, АИ-95 ва бошқа навлар. Давлат захиралари ҳам мавжуд, аммо улар ошкор қилинмаган”, деди қайта ишлаш бўйича бошқарув раиси ўринбосари Аброржон Худойберганов.
Аброржон Худойбергановнинг қўшимча қилишича, ҳукумат глобал бозорларнинг ўсиши фонида ички нархларнинг ўсишини жиловлаш чораларини кўрмоқда. Унинг маълум қилишича, мавжуд захиралар етарли ва танқислик хавфи йўқ. ёнилғи таъминотини диверсификация қилиш амалга оширилаётганини қўшимча қилиб, мамлакатда табиий газ, суюлтирилган газ, бензин ва дизель ёнилғиси каби бир қанча альтернативалар мавжудлигини айтиб ўтди.
Аммо бу вазият тўлақонли яхши ва нархлар ошмаяпти дегани эмас. Товар-хом ашё биржаси маълумотларига кўра, 1 мартдан 20 апрелгача АИ-92 бензинининг нархи 4,8 фоизга ўсиб, бир тонна учун 12,05 миллион сўмдан 12,6 миллион сўмгача етди. Дизель ёнилғиси нархи навига қараб бир тонна учун 11,5 миллион сўмдан 16,4 миллион сўмгача ўзгариб турган.
Божхона қўмитасининг 2026 йилнинг биринчи чораги бўйича эълон қилган рақамлари вазиятнинг нақадар долзарблигини кўрсатмоқда. Январь-март ойларида нефть ва нефть маҳсулотлари импорти ўтган йилга нисбатан 42,2 фоизга ошиб, 449,1 миллион долларга етган. Бундан ташқари, бензин импорти миқдор жиҳатдан ҳам 2 бараварга кўпайганини кўриш мумкин. Ўзбекистон фақатгина бензин импорти учун қисқа муддатда 246,2 миллион доллар сарфлаган. Дизель ёнилғиси импорти ҳажми ҳам 38% га ошиб, 125 500 тоннани, қиймати эса 33% га ошиб, 98 миллион долларни ташкил этмоқда.
Экспертларнинг прогнозлари эса, янада ҳушёрликка чорлайди. Ҳормуз бўғози ёпиқ қоладиган ҳар бир қўшимча ой жаҳон бозорида нефть нархини яна 10-15 долларга қимматлатиши кутилмоқда. Бу эса, Ўзбекистон учун ҳам синовли кунлар давом этишини англатади.
Энг эътиборли жиҳати шундаки, ёнилғи нархининг ошиши занжирли реакция каби барча соҳаларга ёпирилади. Логистика харажатларининг ортиши нон нархидан тортиб, қурилиш материалларигача бўлган барча маҳсулотлар таннархини юқорилашига олиб келади.
Халқаро савдо
Ўзбекистоннинг Форс кўрфази ва Яқин Шарқдаги урушнинг асосий қатнашчиси Эрон билан савдо алоқалари бир қарашда иккиламчи бўлиб кўриниши мумкин, бироқ чуқурроқ таҳлил қилинса, бу минтақанинг мамлакат иқтисодий тизимида муҳим ўрин эгаллаётганини кўриш мумкин.
Кўрфаз мамлакатлари орасида Ўзбекистон учун энг йирик ҳамкор — Бирлашган Араб Амирликлари ҳисобланади. 2025 йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми $1,25 миллиардга етиб, БАА Ўзбекистоннинг топ-10 савдо ҳамкорлари қаторидан жой олди. Бу ҳамкорликнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у нафақат тўғридан-тўғри савдога, балки глобал савдо тизимига интеграция қилинишига ҳам хизмат қилади. Ўзбекистон экспорт қилаётган олтиннинг муҳим қисми айнан Дубай орқали жаҳон бозорига чиқади. Бундан ташқари, мева-сабзавот, текстиль, мис ва кимёвий маҳсулотлар экспорти ҳам ўзаро савдода муҳим ҳисобланади. Шу билан бирга, БАА Ўзбекистонга электроника, техника ва қайта экспорт маҳсулотларини етказиб беради. Бу эса, ички бозорда истеъмол ва инвестиция талабини қондиришда муҳим роль ўйнайди.
Саудия Арабистони билан савдо ҳажми нисбатан кичикроқ бўлса-да, муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон бу давлатга асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, текстиль ва кимё саноати маҳсулотларини экспорт қилади. Импортда эса, нефть-кимё маҳсулотлари ва пластмасса хом ашёси устун. Бу боғлиқлик айниқса энергетика нархлари ўзгарувчан бўлган даврда сезиларли аҳамият касб этмоқда.
Эрон билан иқтисодий алоқалар кўпроқ транзит ва логистика нуқтаи назаридан стратегикдир. 2024 йилда Ўзбекистоннинг Эронга экспорти $121 миллионни ташкил этган бўлиб, унинг 70 фоизга яқини пахта ипига тўғри келган. Аммо асосий эътибор — транспорт йўлакларида. Ўзбекистоннинг Туркия ва Европа бозорларига чиқишида Эрон ҳудуди муҳим транзит йўл ҳисобланади. Шу сабабли бу йўналишдаги ҳар қандай узилиш нафақат савдони, балки логистика харажатларини ҳам оширади.
Қатар ва Қувайт билан савдо ҳажми кичик бўлса-да, улар билвосита таъсир механизмлари орқали муҳимдир. Масалан, Қатар глобал суюлтирилган табиий газ бозоридаги ўрни орқали энергия нархларига таъсир қилади, Қувайт эса, нефть-кимё сектори орқали. Бундан ташқари, Қатар инвестициялари Ўзбекистон иқтисодиётининг айрим тармоқларида муҳим роль ўйнай бошлаган.
Умуман олганда, Ўзбекистон экспортининг асосий қисмини олтин ($7.48 млрд), қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ($2.17 млрд), текстиль ($1.99 млрд) ва саноат хом ашёлари ташкил этади. Импортда эса, машина ва транспорт воситалари (34.6%), саноат товарлари ва кимёвий маҳсулотлар устун туради. Энергия импорти ҳам муҳим компонент бўлиб, 2025 йилда нефть ва нефть маҳсулотлари импорти $2 миллиардга яқинлашган.
Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинлик ушбу мураккаб тизимга бир неча йўналишда таъсир қилмоқда. Биринчидан, Эрон орқали ўтувчи транспорт йўлларининг хавфсизлиги пасаймоқда. Айниқса, денгиз орқали ташиладиган юклар учун суғурта ва логистика харажатлари ошмоқда. Иккинчидан, энергия нархларининг ўсиши импорт харажатларини кўпайтирмоқда. Бу эса, ички бозорда ёнилғи нархининг ошишига ва натижада умумий инфляциянинг кучайишига олиб келиши мумкин. Учинчидан, глобал савдо занжирларидаги узилишлар экспорт имкониятларини чеклаши мумкин. Масалан, етказишдаги кечикишлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айниб қолишига олиб келади. Тўртинчидан, Форс кўрфази давлатларида ишлаётган мигрантлар даромадининг қисқариши ички иқтисодиётга пул оқимини камайтиради.
Мигрантлар хавфсизлиги ва иқтисодий барқарорлик
Яқин Шарқдаги кескинлашаётган вазиятнинг энг сезгир ижтимоий оқибатларидан бири — меҳнат мигрантлари ва уларнинг пул ўтказмалари билан боғлиқ рисклардир. Бу, айниқса, Форс кўрфази давлатларида ишлаётган ўзбекистонликлар учун долзарб масалага айланмоқда. National Public Radio (NPR) агентлиги маълумотларига кўра, минтақада 24 миллиондан ортиқ хорижий ишчи фаолият юритади. Масалан, БАА аҳолиси таркибида хорижликлар улуши 90 фоиздан ошади ва баъзи ҳисоб-китобларга кўра, уларнинг орасида 10 мингдан ортиқ ўзбекистонлик мухожирлар ҳам бор.
Геосиёсий кескинлик кучайган шароитда айнан шу қатлам энг заиф бўлиб чиқади. Туризм, авиация ва хизмат кўрсатиш соҳалари — мигрантлар энг кўп банд бўлган секторлар — биринчи зарбани қабул қилади. Иқтисодчи Ражив Бисваснинг “DW” агентлигига берган интервьюсида таъкидлаганидек, агар можаро бир неча ой давом этса, айнан шу соҳаларда иш ўринлари қисқариши мумкин. Бу эса, ўзбекистонлик мигрантлар даромадига ҳам бевосита зарба беради.
Ҳозирча пул ўтказмалари кескин камайгани кузатилмаяпти. Бироқ тенденция хавотирли. Ўзбекистон иқтисодиёти учун хориждан пул ўтказмалари муҳим манбалардан бири бўлиб, сўнгги йилларда эълон қилинган маълумотларга кўра, уларнинг ҳажми ялпи ички маҳсулотнинг 12–15 фоизигача етган. Агар Форс кўрфазидаги вазият ёмонлашиб, мигрантлар даромади қисқарса, бу оқим ҳам секинлашади.
Бундан ташқари, хавфсизлик омили ҳам муҳим. “Human Rights Watch” маълумотларига кўра, минтақадаги тўқнашувлар натижасида камида 11 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, 260 дан ортиқ киши жароҳат олган. Улар орасида мигрант ишчилар ҳам бор. Бу ҳолат нафақат иқтисодий, балки ижтимоий-психологик босимни ҳам кучайтиради. Ишчилар ўз хавфсизлиги учун хавотирда бўлади, бу эса уларнинг иш унумдорлигига ва қолиш қарорига таъсир қилиши мумкин.
Агар вазият чўзилса, бир томондан, хориждан пул оқими камая бошлайди, иккинчи томондан эса, мигрантларнинг қайтиши ички меҳнат бозорига босимни оширади. Бу эса, ишсизлик даражасининг кўтарилишига олиб келиши мумкин.
Шундай қилиб, Яқин Шарқдаги геосиёсий беқарорлик Ўзбекистон учун фақат энергетика ёки савдо масаласи эмас. Бу — миллионлаб оилаларнинг даромади, ижтимоий барқарорлик ва ички иқтисодий мувозанат билан бевосита боғлиқ комплекс масаладир.
Халқаро таҳлиллар нима демоқда?
Глобал энергетика бозоридаги беқарорлик фонида халқаро молиявий институтларнинг баҳолари Ўзбекистон учун вазиятнинг икки томонлама характерга эга эканини кўрсатмоқда. Бир томондан, нефть нархларининг ошиши импортга қарам давлатлар фискал барқарорлигига босим ўтказса, иккинчи томондан, мамлакатнинг ўзига хос иқтисодий структурасига оид омиллар бу зарбани қисман юмшатмоқда.
Халқаро Валюта Фондининг (ХВФ) 2026 йил апрель ойидаги минтақавий иқтисодий ҳисоботида қайд этилишича, нефть импорт қилувчи давлатларда бирламчи фискал балансларнинг ёмонлашуви кузатилиши кутилмоқда. Бунинг асосий сабаби — энергия импортига кетадиган харажатларнинг ошиши ва давлат субсидияларининг кенгайишидир. Аммо ҳисоботда Ўзбекистон алоҳида қайд этилган бўлиб, мамлакат иқтисодий ўсиш суръатларининг юқорилиги ва олтин нархларининг глобал бозорда кўтарилиши давлат даромадларини қўллаб-қувватловчи асосий омиллар сифатида тилга олинади.
Дарҳақиқат, Ўзбекистоннинг экспорт таркибидаги олтиннинг салмоғи юқори бўлиб, унинг нархи ошиши давлат бюджетини қўшимча тушумлар билан таъминламоқда. Бу эса, энергия импорти харажатлари ортган шароитда мувозанатни сақлашга ёрдам беряпти. Шундай бўлса-да, бу омил узоқ муддатли барқарорликни тўлиқ кафолатлайдими деган савол ҳануз ўз актуаллигини йўқотгани йўқ. Чунки, иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари, хусусан, саноат ва транспорт сектори ёнилғи нархларига бевосита боғлиқ бўлиб қолмоқда.
БМТ Савдо ва тарқаққиёт конференциясининг (UNCTAD) огоҳлантиришича, кўплаб ривожланаётган давлатларнинг фискал имкониятлари чекланган. Энергия, транспорт ва озиқ-овқат нархларининг бир вақтда ошиши давлат бюджетига қўшимча босим юклайди. Бу босим, ўз навбатида, ижтимоий харажатларни қисқартириш ёки янги қарз олиш заруратини келтириб чиқариши мумкин.
Ўзбекистон бу вазиятдан тўлиқ мустасно эмас. Сўнгги йилларда иқтисодий ислоҳотлар фонида давлат қарзи ошган бўлса-да, у ҳали ҳам назорат қилинадиган даражада. Аммо импорт қилинадиган ёнилғи ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиши миллий валюта курсига ҳам таъсир кўрсатади.
Бундан ташқари, глобал савдо суръатларининг секинлашуви ҳам муҳим хавф омили сифатида кўрилмоқда. UNCTAD маълумотларига кўра, 2025 йилдаги 4,7 фоизлик ўсишдан сўнг 2026 йилда глобал савдо ҳажми атиги 1,5–2,5 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу экспортга йўналтирилган ёки ташқи бозорларга таянадиган иқтисодиётлар учун салбий сигнал ҳисобланади. Ўзбекистон учун бу, айниқса, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва металл экспорти сегментларида талабнинг секинлашуви орқали намоён бўлиши мумкин.
Шундай қилиб, халқаро институтлар баҳолари Ўзбекистон иқтисодиётининг нисбатан барқарорлигини тан олган ҳолда, мавжуд хавфларни ҳам аниқ кўрсатиб бермоқда. Қисқа муддатда олтин экспорти ва иқтисодий ўсиш фискал босимни юмшатиши мумкин. Аммо, қазилма бойликларга суяниш қачонгача давом этади, бу ҳали мубҳам.
Хулоса шундан иборатки, ҳар қанча узоқда бўлмасин, АҚШ-Исроил-Эрон уриши Ўзбекистон учун ҳам бир қанча муаммоларни келтириб чиқармоқда. Сабаби, глобал бозорнинг тенг ҳуқуқли қатнашчиси бўлиш, “зарбаларни ҳам бирга қабул қилиш” деганидир. Аммо, ким қай даражада бардош беради, бу бошқа масала.
Live
Барчаси