Хитойликлар ўзбекларни қул қилди — Weekend

Таҳлил

Қўшма Штатлар XIX асрдан буён томчилаб йиғиб келаётган обрўсини Тель-Авивга ўрнашиб олган бир тўда экстремистик вазирлар ва балки эҳтимол қудратли ҳамда таъсирчан институтлар босими остида Ғазодаги воқеалар фонида челаклаб тўкиб юбормоқда. Яқингача дунё яловбардори сифатида эргашиладиган мамлакатдан бугун асар ҳам қолмади. Энди у босқин, қатлиом ва бошқа ғайриинсоний қадриятларга шерик ҳамда уни сиёсий ва моддий жиҳатдан тўлиқ қўллаб-қувватлаётган бир тузилма. Дунёда кўп қутблилик аллақачон бошланиб бўлди. Бугун сайёрада яккаҳукмрон давлат мавжуд эмас. Баъзи иқтисодий ва ҳарбий кўрсаткичларга кўра бу АҚШ бўлиб қолаверсада, эндиликда унга хайрихоҳ бўлганлар сафи йўқ бўлиб бормоқда. Албатта, Ғазо секторида “зудлик билан” ўт очишни тўхтатишни, шунингдек, Фаластин ҳудудига инсонпарварлик ёрдами бўйича Исроил томонидан қўйилган барча чекловларни олиб ташлашни талаб қиладиган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши резолюциясига вето қўйдиган давлатни қандай таърифлаш мумкин? 18 сентябрь куни Вашингтон бундай расво қарорга олтинчи маротаба қўл урди ва ҳужжатга вето қўйди. АҚШнинг БМТдаги миссияси вакили Морган Ортагус эса буни шундай изоҳлади:

“Қўшма Штатлар бу қабул қилиб бўлмайдиган резолюцияни рад этади. ҲАМАС учун барча гаровдагиларни истисносиз зудлик билан озод қилиш ва сўзсиз таслим бўлиш вақти келди. Қўшма Штатлар ушбу даҳшатли можарога барҳам бериш учун ҳамкорлари билан ишлашда давом этади”.

Резолюция лойиҳаси БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 15 нафар аъзоларидан ўнтаси томонидан тайёрланган. Қолган 14 давлат, АҚШдан фарқли ўлароқ, Исроилнинг Ғазодаги деярли икки йиллик қирғинларини тўхтатишни назарда тутувчи ушбу ҳужжатни қўллаб-қувватлади. Вето қўйиш учун қўл кўтарган Морган Ортагус эса ташқарида дарҳол одамларнинг норозилигига учради. Йиғилганлар унга қарата: “Бу ишингдан уял”, дея қичқирди. Хоним бўлса, бошқа АҚШ ва Исроил сиёсатчиларига ўхшаб адолат талаб қилаётган бундай товушларга пинагини ҳам бузгани йўқ. Унинг исроиллик мавқедоши Денни Данон эса “Исроилга қарши резолюциялар гаровга олинганларни озод қилмаслиги ёки минтақа хавфсизлигини таъминламаслиги”ни очиқ-ойдин таъкидлаб, Исроил Ғазо секторида фаластинликларга қарши геноцид содир этаётгани ҳақидаги айбловларни яна рад этди.

Аммо Қўшма Штатлар Фаластиннинг тузилишига қанчалик қаршилик қилмасин, дунё давлатлари, хусусан, Ғарбнинг кўплаб етакчи ҳукуматлари Яқин Шарқда адолатни тиклашга яқин турибди. Кўплаб давлатлар яқин кунларда БМТнинг навбатдаги ассамблеясида, АҚШнинг ўзида, яъни Нью-Йоркда Фаластинни тан олишни режалаштирган. Бундан ташқари, АҚШ сенатори Жефф Мёркли Президент Дональд Трампни Фаластин давлатини расман тан олишга чақирди. У тарихда биринчи марта АҚШ Сенатида шундай мазмундаги резолюцияни тақдим қилди. АҚШнинг Орегон штатидан сайланган ушбу сенаторнинг баёнотида айтилишича, резолюция етти нафар демократ ва битта мустақил сенатор томонидан қўллаб-қувватланган. Унда АҚШ Президенти Фаластин давлатини тан олиши кераклиги таъкидланган. Ҳужжатда икки давлат ечими Фаластин ва Исроил хавфсизлиги ҳамда фаровонлиги зарурлиги қайд этилиб, 1967 йилги чегараларга оид БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 242-резолюциясига ишора қилинган. Шунингдек, АҚШ халқаро ҳуқуқ ва икки давлатли ечим тамойиллари асосида хавфсиз Исроилни ва “демилитаризация қилинган” Фаластин давлатини тан олиши лозимлиги ёзилган.

Мёрклининг сўзларига кўра, Фаластин давлатини тан олиш АҚШнинг нафақат амалий қадами, балки тўғри қарори бўлади. У Америка бу борада етакчилик кўрсатиши шартлигини таъкидлаган. Сенатор, шунингдек, биринчи навбатда ўт очишни тўхтатиш, асирларни озод қилиш ва гуманитар ёрдам етказиб бериш зарурлигини айтган. Унинг фикрича, келажакда тинчлик ва фаровонликка эришишнинг ягона йўли икки давлат ечимидир ва Фаластин давлатини барпо этиш мақсадини энди ортга суриб бўлмайди. Резолюцияни Мёркли билан бир қаторда демократ сенаторлар Крис Ван Холлен, Тим Кейн, Питер Уэлш, Тина Смит, Темми Болдуин, Мейзи Ҳироно ҳамда мустақил сенатор Берни Сандерс қўллаб-қувватлаган. Шу ўринда мустақил сенатор Бернига тўхталсак. Айни дамда АҚШда янги тарих ёзаётган ва Трампнинг қўрқинчли тушига айланган 33 ёшли Зоҳран Мамданини қўллаб-қувватлаётган Сандерс Исроилнинг Ғазодаги қирғинларига қарши бўлган ва уни ўз номи билан, яъни геноцид деб атайдиган кам сонли АҚШ сиёсатчилардан биридир. Берни Сандерс сўнгги пайтларда Қўшма Штатларни бу номақбул ишдан қўл тортишга фаол тарзда чақириб келмоқда.

Россия НАТО чегараларини илма-тешик қилмоқда

Юқорида таъкидланганидек, тез фурсатларда эски дунё тартибидан асар ҳам қолмайди. Олдин муҳокама ҳам қилиб бўлмайдиган ва босиб бўлмас қизил чизиқ ҳисобланган тартиблар бугун интернетда тарқалган мэм, яъни “по больше” ва “по Польше” сўзларини адаштириб қўйиш ортидан ҳам бузилиб кетмоқда. Албатта, бу ҳазил, аммо бунинг ортида бугун қандай тартибсиз дунёда яшаётганимиз очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бир неча йиллар олдин Россия НАТО чегарасини бузиши ақлга сиғмас жараёндек кўринарди. Аммо бугун бу одатий ҳолга айланди. Дунёдаги энг кучли ядро арсеналига эга давлат ва қудратли ҳарбий иттифоқ орасида бундай жараёнлар содир бўлиши бутун сайёра учун хавфли. Шундай бўлишига қарамай, начора, Россия сўнгги 10 кун ичида бир эмас, иккита НАТО давлатинининг чегарасини бузди. Биринчиси 10 сентябрга ўтар кечаси Польша ҳудудига учириб юборилган 20 га яқин дронлар эди. Унинг ортидан НАТО 4-моддасини ҳаракатга келтириб, маслаҳатлашувлар бошланиб кетди. Альянс Польша ҳаво ҳудуди бузилишини муҳокама қилиб ўтирган пайтда Россия иккинчи бор унинг чегарасини яна қўпол тарзда бузди. 19 сентябрь куни Россиянинг учта МиГ-31 қирувчи самолёти Вайндло ороли яқинидаги Финляндия кўрфази орқали Эстония ҳаво ҳудудига рухсатсиз кириб боргани ва у ерда тахминан 12 дақиқа қолгани айтилди. Қайд этилишича, самолётда парвоз режалари бўлмаган ва уларнинг қабул қилинган сигналига жавобан сигнал юборувчи узатгичлари ўчирилган. Шунингдек, қоидабузарлик вақтида Эстония ҳаво ҳаракатини бошқариш билан икки томонлама радио алоқаси ҳам бўлмаган. Эстония Ташқи ишлар вазирлиги воқеа юзасидан дарҳол Россиянинг Таллиндаги Муваққат ишлар вакилини чақириб, унга норозилик нотасини топширди.
 
Путиндан ҳафсаласи пир бўлганини жорий йил ҳисобига ўнлаб маротаба айтган АҚШ Президенти Дональд Трамп Россиянинг Эстония ҳаво ҳудудига киришига муносабат билдириб, бу катта муаммоларга олиб келиши мумкинлигини айтди. Трамп воқеага нисбатан ўзининг ҳар доимги навбатчи сўзларидан фойдаланди. Яъни унга кўра, бундай ҳолатлар унга ёқмайди ва бундан мамнун эмас.

Ўзбеклар Украинада қул қилинди

Украинанинг Киев вилоятида ўта оғир ва қуллик шароитда мажбурий меҳнатга жалб қилиниб, сақланаётган 13 нафар Ўзбекистон фуқароси аниқланди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар берди. Қайд этилишича, Хитой Халқ Республикасининг икки нафар фуқароси, бир нафар ўзбекистонлик ва бир нафар украиналик аёл қўлга олинган. Улар 13 нафар Ўзбекистон фуқаросини мажбурий меҳнатга жалб қилиш мақсадида Украинага олиб келишни ташкил этишда гумон қилинмоқда. Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчилар мажбурлаш ва алдов йўли билан ижтимоий жиҳатдан ҳимоясиз, уй-жойи ва иши бўлмаган, оғир моддий аҳволдаги шахсларни жалб қилган. Жабрланувчилар четдан қидирилган ва кейинчалик фойда олиш мақсадида Киев вилоятига мажбурий меҳнат учун олиб борилган. Тутқунларни назорат қилиш учун зўравонлик ва эркинликни чеклаш усулларидан фойдаланилган. Одамларни камситиш даражаси шу қадар кучли бўлганки, ҳаттоки ҳожатхонага боришга ҳам қатъий жадвал бўйича рухсат этилган. Энг кичик қоидабузарлик ҳам қаттиқ жазоланган.

Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Украина ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари гумонланувчиларнинг яшаш жойлари ва хўжалик объектларида тинтув ўтказган. Текширув давомида 13 нафар Ўзбекистон фуқароси оғир ва ғайриинсоний шароитларда сақланган хоналар, ҳужжатлар, пул маблағлари ва транспорт воситалари аниқланган. Тўрт нафар қўлга олинган шахсга нисбатан оғир жиноят содир этганлик бўйича айблов эълон қилинган ва уларга нисбатан эҳтиёт чораси қўллаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориляпти. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси муносабат билдирди. Қайд этилишича, вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги элчихонаси вакиллари воқеа жойига ташриф буюрган. Айни пайтда барча фуқароларнинг соғ-саломат экани аниқланиб, улар даволаниш учун Киев вилоятидаги маҳаллий шифохоналардан бирига жойлаштирилган.

Элчихона томонидан фуқаролар билан боғлиқ вазият тўлиқ назоратга олинган бўлиб, уларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича барча керакли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани маълум қилинди. Шу жумладан, ҳуқуқий ёрдамни амалга ошириш мақсадида Украина ТИВ ва Бош прокурори офисига тегишли ноталар юборилди. Мазкур холат юзасидан жиноий иш очилиб, гумонланувчилар устидан суд жараёни бўлиб ўтмоқда. Шунингдек, элчихона Украинада инсон хаёти учун хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолатлар кузатилаётгани боис, Ўзбекистон фуқароларидан ўз хавфсизлигини инобатга олган ҳолда мазкур мамлакатга айни вақтда ташрифларни режалаштирмасликни тавсия қилди. 

Энди маълумот ўрнида шуни ҳам қайд этиб ўтиш жоизки, бу ҳолат Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари ташаббуси билан аниқланган ва унинг олди олинган. Гумонланувчилар эса юқорида қайд этилганидек, бир ўзбек ва украин ҳамда икки нафар хитойликдир. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ўзбекистон фуқаролари Киевда давлат даражасида қул қилинмаган ёки бундан расмий Киевга алоқадор тузилмаларнинг қўли йўқ. Шу боис, бу икки давлат ўртасидаги муносабатларга путур етказадиган жараён эмас, балки ҳозиргача аниқланган маълумотларга кўра, фуқаролик масаласи бўлиб турибди.

Трамп дунё лидерлари билан гаплашиб олмоқда

Буюк Британияга монарх таклифи билан тарихий ташрифни амалга оширган АҚШ Президенти ҳафта давомида йирик мулоқотларни ўтказди. Бири офлайн, бошқаси эса телефон мулоқоти билан кечди. 

Британияга келиши биланоқ Трамп иссиқ ва совуқ душни бир вақтнинг ўзида қабул қилишга мажбур бўлди. Унинг педофил Эпштейн билан суратлари ва рақслари қасрларни безаган бўлса, Чарльз III оиласи АҚШ Президенти учун ўрта асрлардагидек шоҳона зиёфат ташкиллаштириб берди. Трамп ташриф давомида монархни муҳофазаловчи дипломатиc протоколларни ҳам иложи борича бузишга ҳаракат қилди. У Чарльз IIIнинг танасига тегиниш орқали бундай тартиб қоидалар у учун амал қилмаслигига ишора қилди. 

19 сентябрь куни эса АҚШ етакчиси Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан жуда самарали музокара ўтказганини маълум қилди ва улар кўплаб масалаларда сезиларли ютуқларга эришганини билдирди. Трамп, шунингдек, Жанубий Кореяда бўлиб ўтадиган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммитида Хитой раҳбари билан учрашишга келишилганини айтди. Уларнинг мулоқотида Трампнинг 2026 йил бошида Хитойга қилинадиган ташрифи ҳам муҳокама қилинган, Си Цзиньпин эса ўзига қулай вақтда АҚШга жавоб ташрифи билан боришга ваъда берган.

Энди эса у 25 сентябрь куни Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашишини эълон қилди. Трампнинг айтишича, музокараларда самолётлар савдоси ва ҳарбий битимлар муҳокама қилинади. Туркия ҳукумати эса Эрдўғаннинг самолёт савдоси бўйича музокара қилиш учун Трамп билан учрашишини олдинроқ эълон қилган эди. ОАВнинг таҳмин қилишича, давлат раҳбарлари Ғазо ва Суриядаги масалалар бўйича ҳам гаплашиб олиши мумкин. Аммо шуни унутмаслик лозимки, Эрдўған ва Трамп Ғазо бўйича бир-биридан мутлақо фарқ қилувчи позицияларни эгаллайди. 

“Толибон” Трампга “чучварани хом санамаслик”ни тавсия қилди

Тиниб-тинчимас Трамп 18 сентябрь куни Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер билан Лондонда ўтказилган қўшма матбуот анжуманида Афғонистондаги Баграм авиабазасини қайтариб олиш устида ишлаётганини маълум қилди. Трампнинг айтишича, Баграм дунёдаги энг йирик авиабаза ҳисобланади. У, шунингдек, АҚШ базани қайтариб олишга интилаётганининг сабаби Хитой билан боғлиқ эканини таъкидлаган. Трампга кўра, Баграм Хитойнинг ядровий лойиҳаси жойлашган нуқтадан бир соатлик масофада жойлашгани учун ҳам АҚШ уни қайтариб олиши зарур. Қўшма Штатлар раҳбари бу сўзлари билан Хитойни ҳам сиртдан назорат қилмоқчи эканини кўрсатиб қўйган. Аслида, Трамп сўнгги пайтларда Хитойга нисбатан масофа сақламоқда ва уни ортиқ ўз йўриғига юргиза олмаслигини англаган. Бунга Хитойнинг сўнгги ойлардаги бўйсунмаслик принципи, божларга қарата бош эгмаслик ва АҚШга яқин бўлмаган давлатлар билан мулоқотда бўлиши сабаб бўлган. 

Баграм мавзусига қайтадиган бўлсак, бу 2001-2021 йилларда АҚШ манфаатларига хизмат қилган. Баграм аэродроми АҚШ бошчилигидаги халқаро коалициянинг энг йирик базаси бўлган. Бироқ 2021 йилнинг ёз ойида база “Толибон” муваққат ҳукуматининг қўлига ўтиши билан америкалик ҳарбийлар у ерни тарк этишга мажбур бўлган. 2021 йилнинг 14 апрелида АҚШнинг 46-президенти Жо Байден Афғонистондаги операцияни якунлашини эълон қилган эди. Бу АҚШ тарихидаги энг узоқ хориждаги ҳарбий кампания бўлиб, у 2001 йил октябрида бошланган. Кампаниянинг энг юқори чўққиси пайти 2010-2013 йилларга тўғри келиб, бу йиллар оралиғида Афғнистондаги халқаро кучлар сони 150 мингдан ошган. Энг асосий АҚШ ва НАТО бўлинмалари 2014 йилда чиқиб кетган бўлса, сўнгги америкалик аскарлар 2021 йил сентябрь бошида Афғонистонни бутунлай тарк этган. Кўпчиликка сир эмас, Трамп АҚШнинг Афғонистондан чиқиб кетишини энг катта йўқотиш ва шармандали мағлубият деб ҳисоблайди. Энди эса у иккинчи бор Оқ уйга қайтгач, АҚШни яна Афғонистонга қайтармоқчи.

Бироқ бу ерда энди янги ўйин қоидалари ва ўйинчилар бор. “Толибон” матбуот котиби Забиҳулло Мужоҳид Трампга буни дарҳол, жиддий оҳангда етказиб қўйди. Унга кўра, “Толибон” АҚШга Баграм авиабазаси устидан назоратни қайтариб бермайди. Шунингдек, Қобул Вашингтон билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларни “ўзаро ҳурмат ва умумий манфаатлар” асосида ривожлантиришга тайёр, бироқ “Афғонистон ҳеч қачон ўз ҳудудида бегоналарнинг ҳарбий мавжудлигини қабул қилмайди”. Забиҳуллоҳ Трамп Баграмни узоғи билан фақат тушидагина қайтариб олиши мумкинлигини айтди. 

“Биз америкаликларни исломий амирликдан ҳайдаб чиқардик ва уларнинг мамлакатимизда мавжуд бўлишига рози бўлмаймиз. Улар ўн йиллар давомида бизга ҳужум қилди, уруш олиб борди, биз эса бу ерда ҳеч қандай америкаликларнинг борлигига тоқат қилмаймиз”, деган Мужоҳид. 

Шу билан бирга, Вашингтондаги Осиё бўйича эксперт Майкл Кугелман “Толибон” раҳбарияти АҚШ билан муносабатларни нормаллаштиришга интилаётгани ва бунга эришиш учун айрим ён беришларга ҳам тайёр эканини айтганди. Бироқ унинг қатъий “қизил чизиқлари” бор, улардан бири – айнан Баграм масаласи. “Толибон” доимо ва изчил тарзда ўз ҳудудида АҚШнинг ҳарбий мавжудлиги билан боғлиқ барча таклифларни рад этиб келмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон АҚШ НАТО Россия Туркия Буюк Британия Дональд Трамп Хитой Эстония Ражаб Тойиб Эрдўған Толибон Украина Си Цзиньпин Чарльз III Кир Стармер Баграм авиабазаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг