Янги Тошкентда Ар-Риёд мавзеси қурилади

Жамият

image

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонининг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказгани ҳақида хабар берилганди. Мазкур учрашувда Al Majdiah ва First Avenue компанияси директорлари кенгаши раиси Абдулсалом Ал-Мажид Тошкент шаҳрининг Янги Тошкент тумани ҳудудида Ар-Риёд мавзеси барпо этилишини маълум қилди.

“Саудия Арабистонида кейинги йилларда Ўзбекистонга сармоя киритиш ниятида бўлган ишбилармонлар тобора кўпаймоқда. Биз ҳам барқарорлик ҳукм сурган Ўзбекистонга яхши ниятлар билан инвестиция ажратишга қарор қилдик. Жумладан, Янги Тошкент ҳудудида Ар-Риёд мавзесини ўзбекистонлик ҳамкорлар билан барпо этмоқчимиз. Бу борада ишончингизни оқлаймиз”, дейди Абдулсалом Ал-Мажид.

Шавкат Мирзиёев эса бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, ушбу мавзе икки халқни бирлаштириш учун кўприк вазифасини бажаришини қайд этган.

Қайд этиш жоиз, Янги Тошкент туманининг биринчи яшаш ва инфратузилма объектларини қуриш ишлари ўтган йилнинг апрель ойида бошланган бўлиб, асосий объектларни қуришни 2045 йилда якунлаш режалаштирилган. Янги Тошкент туманининг майдони 20 минг гектарга тенг бўлиб, бу Ўзбекистоннинг замонавий йирик шаҳарсозлик лойиҳасининг асосий қисмини ташкил этади.

Келажакда барча давлат идоралари Янги Тошкентга кўчирилиши кутиляпти. Лойиҳанинг муаллифлари бунинг орқасидан эски Тошкентдаги транспорт тирбандликлари сезиларли даражада камайишига ёрдам беради, деб ҳисобламоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Янги Тошкент туманида Санкт-Петербург квартали барпо этилиши ҳақида хабар берилган эди. Режага кўра, кварталнинг архитектура лойиҳасини санкт-петербурглик мутахассислар ишлаб чиқади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Ар-Риёд мавзеси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг