Гулнора Каримованинг 20 млн долларлик активлари нимага сарфланиши айтилди
Жамият
−
24 Сентябрь 14155 4 дақиқа
Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Швейцарияда мусодара қилинган пулларидан 20 млн доллар таълим олиш имкониятларини яхшилаш учун ажратилади. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабар берди.
Қайд этилишича, “Ишонч” жамғармасининг Бошқарув қўмитаси жорий йилнинг 17 сентябрида Наманган шаҳрида бўлиб ўтган “Камбағалликдан фаровонлик сари” III ҳалқаро форумида маблағларни қайтариш ва тақсимлашнинг шаффоф ҳамда қатъий тамойилларга асосланган жараёнига содиқлигини тасдиқлаши баробарида “Мактабларда иқлим ўзгаришига чидамлилик ҳамда сув таъминоти, санитария ва гигиенани (SSG) моделлаштириш” лойиҳасига 20 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратишини эълон қилган. Лойиҳа расман жорий йилнинг 1 октябрида ўз ишини бошлайди.
Лойиҳада Ўзбекистон бўйича камида 45 та қишлоқ мактабини таъмирлаш, мактабларда энергия сарфини 30 фоизга ва димланган газлар чиқиндиларини 50 фоизга камайтириш учун хавфсиз сув, замонавий санитария, ишончли иситиш тизимлари ва экологик тоза энергия билан таъминлаш кўзда тутилган. Лойиҳа 31 500 нафар бола, айниқса, ўсмир қизлар учун кундалик таълим шароитларини бевосита яхшилайди. Улар гендер жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда алоҳида қулайликлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади, бу эса дарсларни қолдириш ҳолатларини камайтиради. Қолаверса, лойиҳа якунлангандан сўнг унинг натижалари барқарорлигини таъминлаш мақсадида 2700 нафар мактаб ўқитувчилари ва ходимлари иқлим ўзгаришига чидамлилик, SSG’га гендер жиҳатлар ҳисобга олинган ёндашув ва жараёнларга жамоатчиликни жалб қилиш бўйича ўқитилади.
Мактаб ёшидаги болалар сони тез ўсиб бораётган мамлакатлар ичида Ўзбекистон дунёдаги юқори ўринларда туради. Бу ерда 1,4 миллиондан ортиқ ўқувчи сув таъминоти бўлмаган ёки сув таъминоти чекланган мактабларга қатнайди. Кўпгина мактаблар, айниқса қишлоқ жойлардаги мактабларда ҳамон эскирган ҳожатхоналар ва самарасиз иситиш тизимларидан фойдаланилмоқда. Мазкур лойиҳа иқлим ўзгаришига чидамли, инклюзив ва гендер жиҳатлар ҳисобга олинган инфратузилмани жорий этиш орқали бу долзарб муаммоларга ечим топади ҳамда бутун мамлакат бўйлаб таълимга келажакдаги инвестициялар учун намуна яратади. “Энг яхши мактабим” рақамли портали маҳаллий ҳамжамиятлар ва кенг жамоатчиликка бюджет, пудратчилар, қурилиш муддатлари ва ишларнинг боришини реал вақт режимида кузатиб бориш имконини беради. Шунингдек, лойиҳа доирасида фуқаролик жамияти иштирокида харидлар ва таъмирлаш жараёнларида адолатли, коррупциядан холи, ота-оналар, ўқитувчилар ҳамда маҳаллий жамоалар олдида ҳисобдорликни таъминловчи Ҳалоллик пакти синовдан ўтказилади.
“Швейцария ушбу реституция маблағлари Ўзбекистон халқига бевосита фойда келтирадиган, коррупциядан холи, сезиларли инвестицияларга айлантирилаётганидан фахрланади. Ушбу лойиҳа орқали биз 31 500 болага янада соғлом, хавфсиз ва муносиб муҳитда таълим олиш имкониятини яратмоқдамиз – бу ривожланишга хизмат қилувчи реституциянинг ҳақиқий тимсолидир”, дейди Швейцария элчиси Константин Оболенский.
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳом Норқуловнинг таъкидлашича, ушбу ташаббус миллий устуворлик мақсадларини дастаклаб, таълим тизимини мустаҳкамлайди. Иқлим ўзгаришига чидамли мактабларга пул ажратиш ва янги бошқарув воситаларини жорий этиш орқали келажак авлодлар учун ҳам инфратузилма, ҳам ҳисобдорлик яратилмоқда.
Шунингдек, БМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий координатори Сабине Маҳлга кўра, ушбу лойиҳа БМТнинг Ўзбекистондаги жамоаси мамлакатдаги болалар ва оилалар учун реституция маблағларини узоқ муддатли такомиллаштириш жараёнларига айлантириш бўйича собитқадамлигини кўрсатиб беради.
“Биз тоза сув, замонавий санитария ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни шаффофлик ва жамоатчилик назорати билан уйғунлаштириб, нафақат мактабларга, балки ҳар бир боланинг ишончи, тенглиги ва келажагини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватламоқдамиз”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон томонидан Адлия вазири Акбар Тошқулов ҳамда Швейцария томонидан Швейцариянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Константин Оболенский ўртасида “Мусодара қилинган активларни тақсимлаш тўғрисидаги битим” имзоланганди. Битим доирасида тахминан 182 млн доллар миқдоридаги маблағлар Ўзбекистонга қайтарилиши белгиланган.
Мазкур маблағлар Ўзбекистон Республикаси айрим фуқаролари томонидан ноқонуний орттирилган бўлиб, 2012 йилда Швейцария Бош прокуратураси томонидан Гулнора Каримовага нисбатан қўзғатилган жиноят иш юритуви доирасида тўлақонли мусодара қилинган эди. Маблағлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Uzbekistan Vision 2030 Fund” Кўп шериклик траст жамғармаси орқали қайтарилади.
Кейинроқ, Бельгиянинг Брюссель прокуратураси Мусодара қилинган мол-мулкни бошқариш марказига (COIV) Гулнора Каримовага тегишли бўлиши мумкин жами 108 миллион долларни мамлакат давлат ғазнаси ҳисоб рақамига ўтказиш бўйича илтимоснома юборганди. Брюссель прокуратурасининг талабига биноан, суд жиноят йўли билан олинган маблағларни иккала давлат ўртасида тақсимлаш керак деган хулосага келган. Бу қарор Европа Иттифоқининг икки аъзо давлати ўртасида мусодара қилинган маблағларни тақсимлаш бўйича мавжуд қонуний механизмга ўхшаш принцип асосида қабул қилинган. Ушбу суд қарорига мувофиқ, 108 миллион доллар Ўзбекистонга ўтказилиши белгиланган. Бироқ баёнотда мазкур маблағларнинг қайси жиноят ва ким билан боғлиқ экани ошкор қилинмаган.
Live
Барчаси